Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-12-12 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги икки йилда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги натижасида 2020 йилнинг ўзида қўшимча 133 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.
Бироқ, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларининг самарадорлигини ошириш, суғориладиган майдонлар сув билан барқарор таъминланишига эришиш мақсадида:
1. Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ҳамда ерни лазерли ускуна ёрдамида текислаган ҳолда дискретли суғориш усулини жорий қилиш суръатини беш баробарга ошириш, яъни
2021 йилда 230 минг гектар майдонда мазкур технологияларни жорий қилиш ҳамда суғориладиган 200 минг гектар майдонларни лазерли ускуна ёрдамида текислаш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифи маъқуллансин.
2. 2021 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда мазкур қарорга 1-илова билан тасдиқланган прогноз кўрсаткичларга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқиб, 2021 йил якунига қадар республика бўйича камида:
160 минг гектар пахта, 30 минг гектар мевали экинлар, 15 минг гектар узум ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;
14 минг гектар донли экинлар, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш;
600 гектар пахта етиштириладиган майдонларда дискретли суғориш технологияларини жорий қилишни таъминласин;
200 минг гектар экин майдонларида, шундан 43 минг гектар шоли етиштириладиган майдонларда лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этсин;
б) республиканинг барча ҳудудларида сув тежовчи технологиялар бўйича хусусий ёки давлат-хусусий шериклик асосида сервис
ва диллерлик марказларини ташкил этиш чораларини кўрсин;
в) ўтган йилларда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонларда фойдаланилган бир йиллик томизгичли шлангларни утилизация қилиш мақсадида кичик корхоналар ва цехлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратсин;
г) сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун жалб қилинган хорижий ва маҳаллий кредит маблағларини ўз вақтида қайтариш мақсадида уларнинг биринчи навбатда инфратузилма объектлари (электр энергияси) мавжуд бўлган ҳудудларда жорий этилишига эътибор қаратсин;
д) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4087-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари) сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги роли ва масъулиятини кескин ошириш чораларини кўрсин.
3. 2021 йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги тартиби белгилансин:
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар 2-иловага мувофиқ тақдим этилади;
сувни тежайдиган технологияларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 3-иловага мувофиқ субсидиялар тақдим этилади;
маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Мазкур бандда назарда тутилган субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялар камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилади.
Белгилансинки, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.
4. Молия вазирлиги (Т.А Ишметов, А.Э.Эргашев):
2021 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ мазкур қарорнинг 2-бандида кўрсатилган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин;
бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 575-сонли қарори асосида республика бюджетидан мақбуллаштирилган харажатлар йўналишларида кўрсатилган пахта хомашёси етиштирувчиларининг томчилатиб суғоришни жорий этиш учун назарда тутилган 98,9 миллиард сўм миқдордаги маблағларнинг ажратилишини таъминласин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) тижорат банклари билан биргаликда экин ерларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича кўрсатиладиган механизация хизматлари учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган пахта ва ғалла имтиёзли кредитлари ҳисобидан 250 миллиард сўм тўлаб берилишини таъминласин.
5. 2021 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун талаб қилинадиган 1,5 триллион сўм субсидия маблағларининг:
330 миллиард сўмини – Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Давлат бюджетидан ажратилишини таъминласин;
1 170 миллиард сўмини – Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Ў.Умурзаков, Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларидан жалб қилинган қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўрсин.
6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков, Ш.А.Вафаев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағлар доирасида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига (кластерлар, кооперациялар) тижорат банклари орқали 200 миллион долларгача кредит линияларини очсин.
7. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) икки ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлигига (И.Ю.Абдурахмонов) ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари ҳамда сув билан таъминланганлик ҳолатларини инобатга олиб, сувни тежайдиган технологияларни қўллаш самарадорлиги бўйича долзарб муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган илмий-инновацион лойиҳаларни шакллантириб, танлов эълон қилиш учун таклифлар киритсин.
8. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев, В.М.Ахмаджонов):
бир ой муддатда республикамизда ва бошқа давлатларда ишончли фаолият олиб бораётган томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчи ҳамда қурувчи чет эл ва маҳаллий корхоналар рўйхатини шакллантирсин ҳамда мазкур тизимларни жорий қилиш истагида бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига етказсин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ш.Ж.Тешаев) билан биргаликда тегишли мутахассисларни жалб қилиб, 2021 йил 1 февралга қадар республиканинг тупроқ-иқлим, сув билан таъминланганлик ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда асосий экин турлари бўйича сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишнинг услубий қўлланмаларини ишлаб чиқсин;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ш.Ж.Тешаев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (А.С.Назаров) ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти (А.Б.Ўразгелдиев) билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳамда суғориш усулларини инобатга оладиган, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёрлари бўйича вақтинчалик нормативларни ишлаб чиқиб тасдиқласин.
9. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) Молия вазирлиги (А.Э.Эргашев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (К.А.Юлдашев), “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (У.М.Мустафоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда:
2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир ҳудудда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги биттадан насос станциясида сарфланаётган электр энергияси ва чиқарилаётган сув ҳажмини замонавий ахборот технологияларини жорий қилган ҳолда, инсон аралашувисиз, онлайн тартибда шаффоф мониторинг юритиш тизимини синов тариқасида жорий қилсин;
2021 йил 1 декабрга қадар Сув хўжалиги вазирлигининг мавжуд 1 688 та насос станциясида электр энергиясининг сарфи ҳамда чиқарилган сув ҳажми ҳисобини юритувчи республика бўйича ягона электрон ахборот тизимининг ишга туширилишини таъминласин.
Бунда, мансублик чегарасидаги электр энергияси ҳисоблагичларини Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос ҳисоблагичларга алмаштирилиши ва сарфланаётган электр энергияси ахборотининг таъминланиши бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси У.М.Мустафоев, истеъмолчи балансида бўлган электр энергияси ҳисоблагичлари ҳамда сув ҳажми ҳисобини юритувчи ускуналар ўрнатилиши ва ахборот билан таъминланиши бўйича сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраевнинг шахсан масъуллиги белгилаб қўйилсин.
Молия вазирлиги мазкур банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган тадбирларни Сув хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан Давлат бюджети, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантларини жалб қилиш ҳисобидан молиялаштириши белгилансин.
10. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров) Инновацион ривожланиш вазирлиги (А.С.Назаров) ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги (В.М.Ахмаджонов) билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар илғор хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда сувни тежайдиган технологияларни қўллаш самарадорлигини ўрганиб, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари ҳамда сув билан таъминланганлик ҳолатларини инобатга олган ҳолда зарур тавсиялар ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Илғор хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан қоплансин.
11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), “Ўзстандарт” агентлиги (Д.Н.Саттаров) ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси (М.Н.Юнусов) сувни тежайдиган суғориш тизимларининг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқиш соҳасида саноат тармоқлари ўртасидаги ўзаро кооперацияни кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш, маҳаллий ва хорижий технологиялар асосида намунавий типдаги республика табиий-иқлим шароитига мос келувчи сув тежовчи технологияларнинг стандартларини ишлаб чиқсин.
12. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), Молия вазирлиги (А.Э.Эргашев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари томонидан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишда Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилган ҳар бир лойиҳа камида беш йил муддатда самарали фойдаланилиши бўйича жавобгарлик белгилаш юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда:
Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилган ҳолда жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялардан белгиланган тартибда ва муддатларда фойдаланилмаганда ажратилган субсидия маблағларини қайтариб олиш ҳамда қўлланилган солиқ имтиёзларини бекор қилишни;
жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилишни, жумладан, давлат томонидан субсидия ажратилган ҳолда татбиқ этилган сувни тежайдиган технологиялардан ўрнатилган тартибда фойдаланмаслик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсларни қайтариб олинган субсидия маблағларининг беш фоизигача миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришни назарда тутсин.
13. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (М.М.Холмухамедов) ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги (Ш.У.Турдикулова) билан биргаликда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги профессионал таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимининг жорий этилишини таъминласин.
Бунда, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш харажатлари Сув хўжалиги вазирлиги ва буюртмачиларнинг маблағлари ҳамда донор мамлакатларнинг грантлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
14. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев, С.Ж. Хўжаметов), Хоразм (Ф.Ў.Эрманов, О.Б.Юсупов), Бухоро (Ф.Б.Умаров, С.Н.Хикматов), Жиззах (Э.А.Салиев, О.Ш.Ашурматов) ва Сирдарё (Ғ.Ғ.Мирзаев, К.Э.Сабиров) вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 февралга қадар қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда шўр ювишнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини киритсин. Бунда:
шўр ювишда сув сарфини кескин камайтириш, иккиламчи шўрланиш даражасини пасайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар;
томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий этилган майдонларда шўр ювишнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда аниқ таклифлар;
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш услублари” ва “Шўр ювиш технологиялари” бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилиши ҳамда тегишли таълим йўналишларида ўқув режаларига киритилиши инобатга олинсин.
15. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У.Умурзаков) Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хайитов) билан биргаликда 2021 йилда халқаро ташкилотлар грантларини жалб қилиб, ҳар бир ҳудудда лазерли ускуна ёрдамида экин майдонларини текислаш ҳисобига сув сарфини камайтириш бўйича биттадан намунавий лойиҳани амалга оширсин.
16. 2020-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сувни тежайдиган технологиялар қамровини кенгайтириш бўйича йўл хариталари 4а-4м иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
17. Молия вазирлиги (А.Э.Эргашев) Сув хўжалиги вазирлиги (А.А.Мирзаев) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ш.Ж. Тешаев) билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниевга 2021 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларига зарур ҳолларда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
20. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21.Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 11 декабрь
Манба: ЎзА