Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат активларини бошқариш агентлиги Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида вазирлик ва идоралар орасида 2-бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ISO 37001:2016 стандарти "Коррупцияга қарши бошқарув тизими" сертификатини қўлга киритди
2020-12-09 | Жамият
ISO 37001:2016 - бу ташкилотда коррупцияга қарши самарали тизимни яратиш учун халқаро моделни ўз ичига олган дунёдаги биринчи халқаро стандарт ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали ташкилот инвесторлар, тадбиркорлар, давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор томонларга жараёнларни шаффоф, қонуний ва жаҳоннинг илғор тажрибаларига мос равишда ўтказишни юқори даражада намойиш этиши мумкин.
Агентлик фаолиятини тизимли равишда таҳлил қилиш нафақат коррупцион хатарларга мойил бўлган соҳалар ва йўналишларни аниқлашга, балки ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида олдини олиш бўйича самарали чораларни кўришга имкон яратди. Агентлик тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Шунингдек амалдаги ҳужжатлар ушбу халқаро стандартга мувофиқлаштирилди.
Мисол учун, Агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматларини рақамлаштириш орқали юқори ва ўрта даражадаги коррупцион хатарлар билан боғлиқ инсон омили кескин қисқарди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Агентлик ходимлари фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг асослари яратилди. Бундан ташқари, давлат харидлари соҳасида контрагентларни тешкириш амалиёти жорий этилди ва тузилган шартномаларга коррупцияга қарши шартларни мажбурий киритиш белгиланди. Агентлик марказий аппарати, таркибий тузилмаларида ҳам кадрлар баҳолаш тизимининг шаффофлиги оширилди, бу эса адолат, ҳалоллик ва холисликни таъминлаш, маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўймасликни кафолатлайди.
Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили бу фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигидир. Шу боис, тизимда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этишнинг ташкилий асослари мустаҳкамланди. Бугунги кунда (71) 259-21-37 ишонч телефони, мурожаатлар бўйича https://murojaat.davaktiv.uz/ сайти, @davaktivuz_bot ва 1082 ягона call маркази, шунингдек, коррупция ҳолатлари бўйича мурожаат учун махсус @csdavaktiv_bot (71) 259-21-22 телефон рақами ишлаб турибди. Жумладан, агентликка 2020 йил 1 декабрь кунига қадар барча масалалар юзасидан жами 1804 та мурожаат келиб тушган.
Агентлик хусусийлаштириш жараёнларини оммавий савдолар орқали, инсон омилининг аралашувисиз, очиқ ва шаффоф ташкил этиб келмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали 22857 та мулк реализация қилинди. Ушбу аукцион савдоларида 98 958 нафар иштирокчи қатнашди.
Бундан ташқари, Агентлик биринчи бўлиб, Cert International сертификатлаштириш органининг давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларда бошқарув тизимда талаб қилинадиган ISO 55001:2014 стандартларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатига ҳам эга бўлди. ISO 55001:2014 стандарти активларни бошқариш тартибини белгилайди. Ушбу халқаро тан олинган норматив ҳужжат фаолиятнинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда активларни бошқариш тартибининг самарадорлигини кўзда тутади. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги