Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан доривор ўсимликларни етиштиришдаги муҳим масалалар муҳокама этилди
Бугун, 3 декабрь куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда доривор ўсимликлар муҳофазаси, етиштириш, қайта ишлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишдаги долзарб масалалар” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказди.
Конференция дориворчилик саноатни ривожлантириш учун таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси масалаларига бағишланган. ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари, Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти профессорлари ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Конференция материалларида 110 дан ортиқ илмий ва амалий мақолалар ўз аксини топиб, уларда соҳанинг энг долзарб масалалари кўтарилган. Бугунги кунда дунёда табиий дори воситаларига бўлган талаб 6-7 фоизга ошгани қайд этилди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, доривор ўсимликлар ва зираворларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларни плантация усули билан кўпайтириш жуда фойдали ва истиқболли.
Президентимизнинг «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори доривор турларни етиштириш ҳажмини ошириш ва самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди. 2020-2023 йилларда доривор ўсимликлар плантациялари ҳудудини 103,7 минг гектарга этказиш режалаштирилган.
Мазкур конференция айнан соҳани ривожлантиришда таълим-фан-ишлаб чиқаришни интеграциялашувини масалаларига қаратилган. Конференция материалларида 110 дан ортиқ илмий ва амалий мақолалар ўз аксини топиб, уларда соҳанинг энг долзарб масалалари кўтарилган.
Конференциянинг пленар ва шўъба йиғилишларида доривор ўсимликларни асраш ва етиштириш, қайта ишлаш, улардан табиий дори воситалари ишлаб чиқариш каби долзарб масалалар мухокама этилиб, хамкорликда амалга ошириладиган масалалар келишиб олинди.
Конференцияда соҳадаги энг муҳим ва долзарб масалаларни ёритган, ишлаб чиқаришга аниқ тавсиялар берган муаллифлар рағбатлантирилди.
Мазкур тадбир Глобал экологик жамғармаси (ГЭФ) томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» ФАО лойиҳаси техник кўмагида ташкил этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги