Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди
2020-12-01 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг кўп миллатли халқини давлат байрами – Биринчи Президент куни билан самимий қутлаб, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентлар халқаро кун тартибини, жумладан, шу ойда Ўзбекистон Республикаси раислигида бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳамдўстлик ва бошқа минтақавий ҳамда глобал тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Суҳбат сўнгида қардош мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга икки томоннинг ҳам интилиши қатъий экани тасдиқланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти