Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши танқидий муҳокама қилинди
2020-11-27 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев электротехника ва фармацевтика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мазкур тармоқларда ишни замонавий асосда ташкил этиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар турини кенгайтириш чоралари кўрилгани натижасида сўнгги уч йилда экспорт ҳажми 1,7 баравар ошди. Жорий йилда бу кўрсаткич 350 миллион долларга етиши кутилмоқда.
Лекин ҳали камчиликлар кўплиги, электротехника ва фармацевтика иқтисодиётда “ривожланиш нуқталари” бўлиши кераклиги таъкидланди.
– Ўтган 10 ойда иккита соҳа бўйича 2 миллиард доллардан кўп импорт бўлган. Мана шу рақамнинг ўзи нима қилишимиз кераклигини кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилда электротехника саноати тармоғида 55 та лойиҳа режалаштирилган эди. Шундан 26 таси йўлга қўйилган, 29 тасининг ижроси кечикмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай қолоқликнинг сабабларини сўраб, уларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Электротехника тармоғининг драйвер йўналишларини аниқлаб олиш кераклиги қайд этилди.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш мураккаб бўлмаган ва хориждан олиб келишдаги транспорт харажатлари юқори маҳсулотлар импорти 500 миллион доллардан ортади.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмасига йил якунига қадар шундай маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, Тошкент шаҳри ва Хоразмдаги саноат зоналарида ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берилди.
Мазкур тармоқдаги экспортни шу йил якуни билан 310 миллион долларга, келгуси йил 370 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунда дунёга машҳур онлайн савдо тармоқларидан ҳам фойдаланиш, халқаро тендерларда қатнашиш яхши самара бериши айтилди. 2021 йилда халқаро стандартларни жорий этиш учун лаборатория ва сертификатлаш марказини ташкил этиш топшириғи берилди.
Йиғилишда фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар ижроси ҳам муҳокама этилди.
Жорий йилга режалаштирилган 100 миллион долларлик 37 та инвестиция лойиҳасидан бугунги кунгача фақат биттаси фойдаланишга топширилгани кескин танқид қилинди.
Келгуси йилда 149 миллион долларлик 37 та лойиҳа бўйича амалий ишларни ҳозирдан бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳадаги яна бир камчилик – охирги йилларда ташкил этилган 16 та йирик корхонанинг 8 таси тўлиқ қувватда ишламаяпти. Мутасаддиларга уларни бирма-бир таҳлил қилиб, тўлиқ қувватга чиқишига кўмаклашиш топширилди.
Маҳаллий корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори-дармон ишлаб чиқарилса-да, улар асосан мураккаб бўлмаган женерик воситалардан иборат.
– Пандемия ҳаммамизнинг кўзимизни очди, фармацевтика нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик жиҳатидан ҳам стратегик тармоқ эканини кўрсатди. Биринчи бўлиб фармзоналар ташкил этганимиз бежиз эмас. Биз жуда кўп нарсага дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак, – деди Президент.
Шу боис хавфсизлик ва самарадорлик даражаси юқори бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришга ўтиш кераклиги таъкидланди.
Мисол учун, келгуси йилда Наманганда парентерал, Самарқандда гормонал ва Тошкент вилоятида қон препаратларини ишлаб чиқаришга имконият мавжуд.
Доривор ўсимликларни плантанция усулида етиштириш ва саноат қайта ишлашни йўлга қўйиш натижасида экспорт ҳажми жорий йилнинг ўтган 10 ойида 40 миллион долларни ташкил этди. Ҳудудларда доривор ўсимликларни қайта ишлаш бўйича қиймати 42 миллион доллар бўлган 14 та кластер ташкил этилди.
Жорий йилда доривор ўсимликлар плантациялари 16 минг гектарга, хомашё тайёрлаш ҳажми 22 минг тоннага етказилмоқда. Лекин бу етарли эмас.
Шу боис келгуси йилда маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини камида 2 бараварга ошириш мақсад қилиб қўйилди.
Қандли диабет касаллигида шакар ўрнини босувчи стевия ўсимлигини етиштириш, бахмалгул, наъматак, топинамбур, ола-ўт, заъфарон каби экспортбоп дориворларни саноатлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
207 та корхонадан 157 тасида халқаро стандартлар жорий қилинмагани қайд этилиб, бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Келгуси йилда фармавцевтика маҳсулотлари экспортини 55 миллион долларга олиб чиқиш вазифаси белгиланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти