Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикада барча учун қулай жамоат транспорти тизими яратилади
2020-11-26 | Иқтисодиёт
Йўловчилар учун қулай, хавфсиз, тезкор ва ишончли бўлган жамоат транспорти хизматини ташкил этиш барча мегаполис шаҳарлардаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.
Аҳолининг кенг қатлами ўз шахсий транспорт воситаларидан кўра айнан жамоат транспортини афзал билиб унинг хизматларидан фойдаланиши учун эса авваламбор, жамоат транспорти ҳар томонлама (вақт нуқтаи назаридан, молиявий жиҳатдан, қулайлиги билан) жозибадор бўлиши талаб этилади.
Мамлакатимизда аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг ортиши билан йил сайин автотранспорт воситаларинниг сони ҳам ортиб бормоқда. Охирги 10 йилда биргина пойтахтимиз Тошкент шаҳрида автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баравар ошган. Кунига Тошкент шаҳри кўчаларига 600 мингдан зиёд транспорт воситалари чиқади. Шунга мос равишда транспорт инфратузилмаси ривожлантириб борилмоқда. Бироқ йўл ҳаракатини тартибга солишдаги камчиликлар туфайли кўчаларидаги юкламалар, транспорт воситаларининг тирбандлиги йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида катта иқтисодий йўқотишларга, атроф-муҳитнинг зарарланишига, шунингдек, аҳоли саломатлигига салбий таъсир этмоқда.
Шу боисдан давлатимиз раҳбари хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Туркиянинг “Kalyon Ulaştırma” компанияси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги муаммо ва камчиликлар комплекс ўрганиб чиқилди. Геоинфармацион тизим ҳамда моделлаштириш орқали транспорт ва йўловчилар оқими таҳлил қилинди. Олиб борилган таҳлиллар натижасида Тошкент шаҳрида жамоат транспорти жозибадорлигини янада ошириш, аҳоли учун сифатли ва қулай транспорт тизимини жорий этиш юзасидан бир неча йўналишлар бўйича таклифлар тайёрланди.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Президентимиз Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди.
Мазкур тақдимот жараёнида пойтахт ва йирик шаҳарларда транспорт тирбандликлари йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, жамоат транспортини бошқаришда ягона сиёсат мавжуд эмаслиги, тўлов тизими ва бошқа ҳудудлардаги муаммолар танқид остига олинди.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳри мисолида жамоат транспортини тартибга солиш ва хизматлар сифатини ошириш борасида хорижий экспертлар билан тайёрланган таклифлар маъқулланди ҳамда ҳудудлар кесимида бир ёки иккита кўча мисолида жамоат транспортини тартибга солиш тадбирларини кўриш вазифаси юклатилган эди.
25 ноябрь куни Тошкент давлат транспорт университетида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан “Тошкент шаҳри мисолида жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш” мавзуида ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбирни Транспорт вазири в.б. И.Маҳкамов кириш сўзи билан очиб берди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда соҳага оид тадқиқотчи олимлар, Тошкент давлат транспорт университети битирувчи курс талабалари ва илмий изланувчилар иштирок этишди.
Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмаган. Бу эса ўз навбатида шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммоларнинг йиғилиб қолишига сабаб бўлди. Ушбу тизимли муаммоларни эса фақатгини илмий асосланган ёндашувлар билан ҳал этиш мумкин. Айнан хорижлик мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Туркиянинг “Kalyon Ulaştırma” компанияси директори Чихат Калёнчи ўғли семирнар иштрокчиларига Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш бош режаси юзасидан тақдимот ўтказди.
Тақдимот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга туркиялик мутахассислардан жавоб олишди. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ўз ҳудудларидаги транспорт тизими билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фикр алмашишди.
Куннинг иккинчи яримида эса Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази томонидан “Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини истиқболли ривожлантиришда моделлаштириш тизимини жорий этиш” лойиҳаси бўйича режалар ва амалга оширилган ишлар, кутилаётган натижалар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, семинар қатнашчилари Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини ривожлантириш доирасида пойтахтнинг Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги