Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нефть-газ кимёси соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
2020-11-25 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ҳолатига оид тақдимот билан танишди.
Нефть-газ кимёси – қўшимча қиймат яратадиган, экспортда катта ўрин тутадиган тармоқ. Ўзбекистонда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, иқтисодий самарадорликни кўпайтириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича қарийб 9 миллиард долларлик 52 та лойиҳа белгиланган. Шундан 15 таси ноорганик кимё, 23 таси органик кимё, 12 таси полимерлар бўйича. Яна бир лойиҳага кўра, янги турдаги полимер маҳсулотлар бўйича илмий тадқиқот ва тажрибалар ўтказиб, лойиҳаларни бевосита ишлаб чиқаришга жорий этадиган ҳамда етук мутахассислар тайёрлайдиган инновацион марказ ташкил қилинади.
Тақдим этилган барча лойиҳалар самарасида 4,1 миллиард доллар қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллиард долларлик импорт ўрни тўлдирилиши ва 1,45 миллиард долларлик экспорт таъминланиши мумкин. Жами 6 минг 500 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Кўпикли полипропилен, ёғоч-полимерли композит лист, водород пероксиди, карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар, карбамид формальдегид концентрати, сульфат кислота, карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқариш каби истиқболли лойиҳалар келгуси йили ишга туширилади. Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол заводининг 2-босқичи ҳамда компрессорни ювувчи саноат мойи корхонаси бўйича ишлар бошланади.
Тақдимотда мазкур лойиҳалар ижросининг бориши, бу борадаги халқаро келишувлар натижалари юзасидан ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари уларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар ва инвесторлар билан ишларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлади.
Хомашё базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини тушириб, ички ва ташқи бозорда рақобатдошлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Тармоқлар раҳбарларининг хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда ташқи бозорда харидоргир бўлган, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасидаги фаолияти танқидий баҳоланди.
Шу муносабат билан газ-кимё соҳасини 2021 йилда ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаш, лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, электр тармоқларида йўқотишларни анча қисқартириш ва узилишларнинг олдини олиш, тармоқ корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида энергетика соҳасини рақамлаштириш ишларини тезлаштириш вазифасини қўйди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти