Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-11-25 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2020 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) билан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳамда 2020 йил 28 майда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (кейинги ўринларда – Банк) билан 82 миллион АҚШ доллари миқдорида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси (кейинги ўринларда – лойиҳа) бўйича 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга қарз (кредит) битимлари имзолангани;
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши 1,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ташкил этаётганлиги;
лойиҳа Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан нисбатан ортда қолаётган 21 та туманида амалга оширилиши;
лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2020–2024 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Уюшма ва Банк кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча ташкилотлар лойиҳа бўйича имзоланган қарз (кредит) битимларида кўрсатилган механизмлар талабларига амал қилади;
лойиҳани амалга ошириш доирасида Уюшма ва Банк кредитларини қайтариш, шунингдек, улар бўйича ҳисобланган фоизлар, хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
3. Қуйидагилар:
“Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага мувофиқ;
“Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки кредитларининг асосий қарзини, унга ҳисобланган фоизларни ва бошқа тўловларни қайтариш прогноз жадвали 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;
Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича “Йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Маълумот учун қабул қилинсинки, қонунчиликка мувофиқ халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида:
агарда ушбу лойиҳалар халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган бўлса, юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинмайди;
мазкур қарз маблағлари ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божи тўлашдан озод этилади;
ушбу имтиёзлар натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.
5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Ж.Ортиқов) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Т.Маматов) билан биргаликда лойиҳа доирасида аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқишда доимий ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича зарур чораларни кўрсин.
6. Белгилансинки, лойиҳа доирасида:
ҳар бир вилоят бўйича қишлоқлар аниқлангандан сўнг, ҳар бир вилоятнинг тегишли сублойиҳалар бўйича амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлари юзасидан белгиланган тартибда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоблари ишлаб чиқилади ва экспертиза органларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади;
Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари буюртмачи ҳисобланади;
лойиҳани амалга ошириш гуруҳи билан “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланади.
7. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатга қўйилиши ва муддати узайтирилишини тез фурсатларда таъминласин.
8. Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин
ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
9. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Э.Бурханов) лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.
10. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров:
бир ҳафта муддатда масъул ижрочилар иштирокида мажлис ўтказиб, уларнинг аниқ вазифаларини белгилаб берсин;
икки ҳафта муддатда Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳа доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳудудлар кесимида “Йўл харита”ларини ишлаб чиқсин ҳамда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва туманлар Кенгашларида тасдиқланишини таъминласин;
тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган мутахассислар малакасини ошириш учун хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда ўқув-тренинглар ташкил қилсин;
молиялаштирилган сублойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг сифатли амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан
ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борсин;
“Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш гуруҳининг тузилмасини тасдиқласин ва фаолиятини йўлга қўйсин;
тижорат банкида алоҳида ҳисобварақларига эга бўлган лойиҳани амалга ошириш бўйича бош гуруҳни Тошкент шаҳрида, шунингдек, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари учун Наманган шаҳрида ва Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари учун Жиззах шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудлараро гуруҳларни ташкил этсин;
лойиҳани амалга ошириш даврида лойиҳани амалга ошириш гуруҳини молиялаштириш бўйича харажатларни Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласин.
Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровга Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик ҳимоялаш ҳамда кўчириш сиёсати тамойилларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа компонентларини амалга ошириш ва молиялаштириш жадвалига ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланаётган иловаларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин;
б) Фарғона (Х.Х.Бозаров), Андижон (Ш.К.Абдурахманов), Наманган (Ш.Ш.Абдуразаков), Сирдарё (Ғ.Ғ.Мирзаев) ва Жиззах (Э.А.Салиев) вилоятлари ҳокимликлари лойиҳани тўла-тўкис амалга ошириш учун барча зарур ҳужжатлар сифатли ишлаб чиқилишини ва лойиҳани амалга ошириш гуруҳларига ўз вақтида етказилишини белгиланган тартибда таъминласинлар.
11. Фарғона (Х.Х.Бозаров), Андижон (Ш.К.Абдурахманов), Наманган (Ш.Ш.Абдуразаков), Сирдарё (Ғ.Ғ.Мирзаев) ва Жиззах (Э.А.Салиев) вилоятлари ҳокимликлари қишлоқларни комплекс ривожлантириш учун лойиҳа доирасида молиялаштириладиган объектлардан ташқари амалга ошириладиган тадбирларни батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида маҳаллий бюджет ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июнь ва 2021 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 25 ноябрь
Манба: ЎзА