Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шавкат Мирзиёев: Пандемия пайтида тўплаган катта тажрибамиз асосида муносиб яшаш ва ишлашда давом этишимиз керак

2020-11-18 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев суд қарорлари ижросини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Тадбир аввалида бугун мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди.

Жумладан, ўтган 8 ой мобайнида COVID-19га қарши курашишда етарли тажриба тўплангани, тиббиёт ходимлари ҳам зарурий малакага эга бўлганлари таъкидланди.

Маълумки, “касаллик занжири”ни жиддий назорат қилган ҳолда карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилди. Аммо дунё мамлакатларидаги, қўшни давлатлардаги ҳолатни инобатга олиб, Ўзбекистонда бу касалликка қарши курашишни бир дақиқага ҳам тўхтатиб бўлмаслиги, чунки хавф-хатар ҳали ўтиб кетмагани айтиб ўтилди.

Бугун юртимизда ушбу вирус билан касалланганлар сони 70 минг нафардан ортгани, тузалганлар сони қарийб 68 минг (96 фоиз), ўлим кўрсаткичи 599 нафарни (0,9 фоиз) ташкил этаётгани қайд этилди.

Ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларига қатор вазифалар юклатилди.

Аввало, коронавирус билан боғлиқ вазият доимий равишда жиддий таҳлил қилиниши, керакли хулосалар чиқарилиши лозим. Хусусан, ҳафтада камида икки кун ҳудуддаги пандемияга оид ҳолат билан алоҳида шуғулланиб, штаб йиғилиши ўтказилиши, мунтазам равишда Республика махсус комиссиясига шахсан ҳисобот берилиши белгиланди.

- Яна бир марта таъкидлайман, бу касаллик бефарқликни асло кечирмайди. Шу билан бирга, биз коронавирус пайтида тўплаган катта тажрибамиз ва олган чуқур хулосаларимиз асосида муносиб яшаш ва ишлашда давом этишимиз керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган.

Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда. Койкалар бандлиги Қорақалпоғистонда 16 фоиз, Хоразмда 10 фоиз, Қашқадарёда 11 фоиз, Наманганда 19 фоизни, республика бўйича эса 38 фоизни ташкил этяпти. Шу боис улкан маблағлар бекорга сарф бўлаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди.

Маълумки, таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш борасида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди, ушбу икки масалада яқинда алоҳида видеоселектор йиғилишлари ўтказилди.

- Мени мазкур фармон ва қарорларнинг жойлардаги ижроси, бу борада ҳокимлар қандай иш ташкил этаётгани ташвишга соляпти. Бугун ҳокимлар замонавий фикрлайдиган ва фидойи, жонкуяр халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларини ўз ёнига олиб иш кўрмас экан, амалий натижага эриша олмайди, - дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур йўналишлардаги ислоҳотларни амалга оширишда қуйи бўғин раҳбарларига шахсий намуна кўрсатиб, ҳафтада икки марта мактаблар ва тиббиёт муассасалари бўйича берилган топшириқлар ижроси билан шуғулланиши кераклиги қайд этилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться