Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БАА бандлик соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда
2020-11-13 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Saned», «AS Unique Human Resourses», «Elite Employment Services» компаниялари вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Муҳитдинов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи М. Маматхонов, «Saned» компанияси бошқарувчи директори Омар Эйза Муҳаммад Замзам ал-Али, «AS Unique Human Resourses» компанияси бошқарувчи директори Абдул Самад ва бошқалар иштирок этган учрашувда Ўзбекистон ҳудудида касб-ҳунар ўқув курслари ташкил этиш, фуқароларни БААга ишга жалб қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Мамлакатимизда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш, фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
«Saned» компанияси БААда йил охирига қадар 1500 та хорижий фуқароларни ишга ёллашни режалаштирмоқда. Ташрифдан кўзланган мақсад БААда Ўзбекистон фуқаролари орасидан «хавфсизлик қўриқчилари» вакансияси учун қуйидаги шартлар асосида танлаш ва ишга ёллаш эканлиги маълум қилинди:
- фуқаролар давлат муассасаларини қўриқлаш ишларига жалб этилади;
- ойлик иш ҳақи 1600 дирҳамни (тахминан 435 АҚШ доллари) ташкил этади;
- иш берувчи яшаш жойи, тиббий ва бахтсиз ҳодисалардан суғурталашни амалга оширади, авиачипта, ҳужжатларни расмийлаштириш, хавфсизлик ва меҳнат фаолияти учун лицензиялар билан таъминлайди.
Талабгорлардан талаб қилинадиган шартлар:
- 21 ёшдан 38 ёшгача бўлган эркаклар;
- асосан инглиз тилини билиш (смена давомида бирор бир ҳолат юзага келган тақдирда, инглиз тилида ёзма равишда хабардор қилиш имкониятига эга бўлиш);
- касбий (тасдиқланган) маҳорат ёки иш тажрибасининг мавжудлиги.
Музокаралар якунида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан танловлар ташкил этиш, номзодларни танлаш ва барча зарур чораларни кўриш бўйича келишувга эришилди.
Ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида БАА компаниялари профессионал ўқув марказларини ташкил қилиш, жумладан, ушбу марказни Наманганда очиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олинди.
Бундан ташқари меҳмонлар 12 ноябрь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Ишга марҳамат» мономарказида ўтказилган «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси»да ҳам иштирок этиб, 58 та фуқаро билан суҳбат ўтказиб, шундан 25 нафарини ишга қабул килиш бўйича келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги