Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши Раиси А.Абдуллоҳ билан музокаралар ўтказилди
2020-11-12 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши Раиси А.Абдуллоҳ билан музокаралари бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, минтақа доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар минтақада барқарор ривожланиш ва иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим омили сифатида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашувда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-энергетика инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Транс-Афғон транспорт йўлагини ривожлантириш ва “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар учинчи давлатлар бозорлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни ташкил этишни назарда тутган ҳолда, ҳар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперацияси ва бизнес ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишди.
Афғон томони Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик даражасини, хусусан, Афғонистон фуқароларини Ўзбекистон Олий ўқув юртларида ўқитиш йўналишини юқори баҳолади.
Учрашув якунлари бўйича иккала мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш ва минтақавий аҳамиятга эга бўлган қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича биргаликда иш олиб боришни фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик доирасида кейинги қадамлар келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги