Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш чоралари белгиланди
2020-11-06 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш аввалида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди. 2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келган. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда. Биринчи бўғинда сифат пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлмоқда.
Чунки шароит билан талаб, иш ҳажми мутаносиб эмас. Масалан, қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилган.
Шу боис давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.
Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобил диагностика воситалари билан таъминланади.
5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.
Бундан буён, бепул тиббий ёрдам учун йўлланмани ҳамда бепул тарқатиладиган дориларга рецептни ҳам оилавий шифокор беради. Маҳалладаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, касалликларнинг эрта аниқланишига қараб, оилавий шифокорлар меҳнати рағбатлантирилади.
Мутасаддиларга ушбу тизимни шаҳар ва туманларда босқичма-босқич жорий этиш, тиббиёт бригадаларини илғор тажриба асосида қўшимча ўқитиш, оилавий шифокорлар фаолиятини баҳолаш мезонлари ва рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда кадрлар масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби олий ўқув юртлари битирувчилари учун жозибадор эмас. Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ.
Шу боис Президент шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг учун чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади. Бу дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.
Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йили 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланди.
Сирдарё вилояти мисолида ҳар бир бўғин вазифалари аниқ белгиланган, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Буни молиялаштириш учун давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиб, алоҳида жамғарма ташкил қилинади.
Шифокорлар иш кунининг 60 фоизини ҳисобот тўлдиришга сарфлаётгани таъкидланиб, бу жараёнларни рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади. Коронавирус касаллиги ҳам нотўғри турмуш тарзи оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатди.
– Тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча тушуниши керак, – деди Президент.
Бирламчи бўғин ходимлари аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиши муҳимлиги таъкидланди.
Аниқланишича, 40 фоиз аёлларда фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги кузатилмоқда, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқяпти. Боғча ва мактаб ёшидаги 70 фоиз болаларда ичак паразитар касалликлар мавжуд.
Шу боис келгуси йил 1 июндан бошлаб, 5 ёшгача бўлган болаларни витаминлар ва микронутриентлар билан, 10 ёшгача ўғил-қизларни паразитларга қарши дорилар билан, ҳомиладор, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болаларни йод препаратлари билан, 35 ёшгача аёлларни фолий кислотаси ва феррум билан бепул таъминлаш чоралари белгиланди. Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан тарқатилади.
Йиғилишда ҳар бир ҳудуддаги касалликлар таркибига қараб, ихтисослашган даволаш муассасалари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, Фарғона ва Сирдарёда нафас йўллари, Қашқадарёда эндокринологик, Тошкент шаҳрида ошқозон-ичак, Андижонда юрак қон-томир, Қорақалпоғистон ва Хоразмда буйрак касалликлари энг кўп қайд этилган.
Шу каби долзарб йўналишлар бўйича ҳудудларда илғор хорижий клиникалар филиалларини ташкил этиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
17 та ихтисослашган тиббиёт марказини ҳудудий шифохоналар билан боғлаш, телемедицина орқали тажриба алмашинувни ривожлантириш, касалликлар тури ва динамикасидан келиб чиқиб, жойларда ихтисослашган марказнинг минтақавий филиалларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилиш Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилаётганига урғу бериб, барча шифокорларни байрам билан табриклади.
– Бугунги давр талаби шундайки, байрам кунлари, тантанали айёмларда ҳам, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган турли муаммолар ҳақида ўйлашимиз, уларнинг самарали ечимларини топишимиз зарур. Барча соҳалар қатори тиббиёт тизими олдида ҳам ғоят мураккаб вазифалар юзага келмоқда. Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда. Аминманки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар, ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар, – деди Президент.
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиши таъкидланди.
Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилгани, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётгани эътироф этилди.
– Ишонаман, жонкуяр шифокорларимиз бугунги белгиланган вазифаларни ҳам фидойилик ва матонат билан, бор билим ва тажрибаларини ишга солиб, албатта уддалайдилар. Энг катта бойлик бўлган халқимиз саломатлигини сақлашда ҳақиқатда жонбозлик кўрсатадилар, – деди Шавкат Мирзиёев.
Видеоселектор йиғилишида соҳа мутасаддилари, вилоят ҳокимлари, тиббий марказлар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти