Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги энг яхши АГТКС, АГҚС, АЁҚCларга "Quality service" сертификати топширилди
2020-11-06 | Туризм
Бугун, 6 ноябрь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан “Энг яхши Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси (АГТКС), Автомобилларга газ қуйиш станцияси (АГҚС) ва Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)нинг тақдиралаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Давруков очиб берди. “Республика бўйича мавжуд 4 мингдан ортиқ Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг 800 тасида ёки бошқача айтганда, атиги 20 фоизидагина замонавий санитария-гигиена шохобчалари мавжуд эди.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан 2020 йилнинг 2-20 сентябрь кунлари амалга оширилган такрорий хатлов ва ўрганишлар якунларига кўра, республикадаги барча Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг замонавий санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланиш кўрсаткичи 20 фоиздан, қарийб 70 фоизга кўтарилишига эришилганлигини кўрсатмоқда”, - деди Фахриддин Давруков.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги “Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 793-сонли қарори эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатимиздаги сайёҳлар келадиган объектлар ва автомагистраллар бўйларида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда имконияти чекланган шахслар қулай ва тўсиқсиз фойдаланиш имкониятлари яратилган санитария-гигиена шохобчаларини барпо қилиш ва эксплуатация топшириш зарурияти борган сари долзарб масалага айланиб бормоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мухайё Хайитованинг сўзларига кўра, 3-5 ноябрь кунлари амалга оширилган ўрганишлар давомида Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 30 га яқин Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциясига бевосита ташриф буюришган ҳамда уларнинг 17 тасида қарор талаблари бажарилмаганлиги учун фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилган. Аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тақдирлаш ва рағбатлантириш учун тавсия қилинди.
Тошкент шаҳри бўйича фаолияти намунавий АГТКС, АГҚС, АЁҚШ деб қуйидагилар топилди: “LUKOIL Uznefteprodukt” МЧЖ – “Энг яхши АЁҚС” (Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси); “DELUXE TRANS SERVIS” МЧЖ – “Энг яхши АГҚС” (Автомобилларга газ қуйиш станцияси); “GAZ INVEST PROJEST” МЧЖ – “Энг яхши АГТКС” (Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси). Тошкент вилояти бўйича фаолияти намунавий АГТКС, АГҚС, АЁҚШ деб қуйидагилар топилди: “FORTUNE GAZ SERVISE” МЧЖ – “Энг яхши АЁҚС” (Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси); “GOLDEN GAZ OIL” МЧЖ – “Энг яхши АГҚС” (Автомобилларга газ қуйиш станцияси); “BARHAYOT PLUS” МЧЖ – “Энг яхши АГТКС” (Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси). Таъкидлаш жоизки, келгусида Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги АЁҚС, АГҚС ва АГТКСларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ ўрганилади ҳамда юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам намунавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини тақдирлаш ишлари давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги