Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Бош вазири Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш ишлари билан танишди
2020-10-29 | Жамият
ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, уларни соз ҳолатда сақлаш ҳамда аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Президентимизнинг жорий йил 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудларда барпо этилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, уларни доим соз ҳолатда сақлаш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган эди.
Сардоба туманида ушбу топшириқ ижроси юзасидан ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи йиғилишида турли вазир ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, вилоят фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда янги уйларни тақсимлаш ва аҳолининг ушбу уйларга кўчиб ўтишини ташкил этиш, мазкур ҳудудларда “Хавфсиз маҳалла” тизимини жорий этиш, ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ҳудуддаги ушбу улкан бунёдкорлик ишлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан беғараз асосда амалга оширилган. Янги уйларни ўз эгаларига бериш жараёни шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу борада ҳар бир маҳалла гузарларида янги уй олувчилар ҳақида ахборотлар эълон қилинган.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан янги уйларни тақсимлашда фуқаролар ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Шу асосида уйларга кўчиб киришдан олдин улар билан суҳбат ўтказилади. Бунда асосан, ҳудудда ноқонуний қурилмалар қурмаслик, коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, умумий фойдаланиладиган йўлаклар, уйлар атрофини озода сақлаш борасида тушунтириш берилади.
Йиғилишда мутахассислар томонидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги талафот етган хонадон эгаларини янги қурилган кўп қаватли уйларга жойлаштириш режаси тақдимоти ўтказилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги