Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳридаги велойўлакчаларни кўздан кечирди

2020-10-23 | Туризм

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳридаги велойўлакчалар ҳамда аҳолининг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши йўлида амалга оширилаётган ишларни яқиндан кўздан кечирди.   

Ишчи гуруҳ таркибидан шунингдек Спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, ҳокимнинг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Дурдона Акрамова ҳамда Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори Санжар Таджиев, туманлар ҳокимлари ва бошқалар ўрин олди. Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ кун давомида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Миробод ҳамда Сергели туманлари бўйлаб ўрганиш ишларини олиб борди.

Велойўлакчалар, спорт майдонлари, спорт мактаблари, янги барпо этилаётган кўприк атрофи, туманда бунёд этилаётган янги уйлар атрофидаги ҳудудлар шулар жумласидандир. Ишчи гуруҳ вакиллари маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг велойўлакчалардан фойдаланиш ва хавфсиз ҳаракатланиши учун яратилаётган шароитлар билан танишиб чиқишди. Жойларда бу йўналишда мавжуд камчиликларни ўрганиб, уларни тезкор бартараф этишга оид чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олишди.

Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Шаҳрисабз кўчасидаги велойўлакча яқин 10 кун ичида эксплуатацияга топширилади. Таъкидлаш жоизки, бу йўлакчаларда кўзи ожиз кишилар хавфсиз ҳаракатланиши учун алоҳида жой ажратилган. “Бу йўлларни ўзимиз шахсан ҳаракатланиб синаб кўрмасак, оммавий спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини  тарғиб қилишга доир ишлар жадал кетмайди”, - деди Бош вазир ўринбосари.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов пойтахтда велойўлакчаларни бунёд этишга оид ишлар ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни маълум қилди: “Аҳмад Дониш кўчаси тўлиқ тайёр бўлди, умумий майдони 5 километрни ташкил этди. Фарғона йўли кўчасида велойўлакча яратилмоқда, ҳар битта томонини 7 километрдан ҳисобласак, умумий майдони -14 км.

Бундан ташқари, анҳор бўйларида ҳам велойўлаклар барпо этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 10 км чиқади. Хулоса қилиб айтганда, бу йил 20 км майдон велойўлакчага айлантирилади, кейинги йил эса камида 25 км майдон велойўлакчага айлантирилиши белгиланган”. Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, асосий камчиликлар айрим жойларда зинапоялар қурилиши ва бўёқ ишлари охирига етказилмаганлиги билан боғлиқ, лекин энг асосий муаммо автомобиллар эгаларининг ўз машиналарини тегишли белгилари бўлишига қарамасдан велойўлакчаларга жойлаб қўйишидадир. Шу ўринда Бош вазир ўринбосари пойтахт аҳолисига мурожаат қилди: “Пойтахтимиздаги барча автомобиль эгаларидан тегишли тартибга тўлиқ риоя этишларини, ўз машиналарини пиёдалар ёки велосипедчилар ҳаракатланувчи йўлакларда қолдирмасликларини сўраймиз!” 

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов мутасаддиларга жойларда автотураргоҳлар ва велойўлакчаларни кўпайтириш, ободончилик ишларини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи маълумотларни кўпайтириш, махсус иловалар ишлар чиқишга доир тегишли тавсия ва топшириқларни берди. Учрашув давомида шунингдек Спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов - Sport Runners, Сергели тумани ҳокими Sergeli Runners ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Tourism Runners гуруҳлари очилиб,  Самарқанд ярим марафонида иштирок этиши, шунингдек кейинчалик ходимларнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиши ва мунтазам равишда оммавий спорт билан шуғулланиши белгиланди.

“Энг асосийси, шаҳарларимизга келувчи меҳмонларимиз ва маҳаллий аҳолимизни доимий равишда спорт билан, жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланишга имкониятлар яратиб берилади. Ҳурматли Президентимиз топшириқлари билан айни дамда оммавий спортни ривожлантириш бўйича қарор тайёрланмоқда. Умуман олганда, нафақат оммавий спорт, балки соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш ва унга риоя этишга доир жуда катта ҳужжат тайёрланмоқда ва бу қарорда пиёда юрганларга имтиёз берилиши белгиланмоқда”, - дея якун ясади Азиз Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бундай ўрганиш ишлари бутун шаҳар бўйича давом эттирилади, 22 октябрь куни Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларида бошланган инспекцион ишлар эртага, 23 октябрда бошқа туманлар кесимида амалга оширилади.  

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться