Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-10-16 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг моддий манфаатдорлигини ошириш борасидаги ишларни тизимли давом эттириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) ҳамда унинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – ҳудудий жамиятлар) ташкил этилганлиги;
ҳудудий жамиятлар Уюшманинг муассислари ҳисобланиши;
Уюшма фаолиятини молиялаштириш манбалари аъзолик бадаллари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, илмий тадқиқотларни олиб бориш учун ажратилган давлат грантлари ҳамда халқаро молия институтлари грантлари ҳисобланиши;
Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилганлиги, 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилганлиги;
Уюшмага маҳсулот етиштирувчиларга агрономик тавсиялар беришда, энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилишда кўмаклашиш, уларнинг малакасини ошириш вазифалари юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2021-2022 йиллар ҳосили учун август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини турлари бўйича етиштириш ҳажми тўғрисидаги таклифлари 1-3-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари Уюшма таклифига мувофиқ пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади;
Уюшма Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини кластер ва кооперация усулида етиштириш бўйича халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган аниқ лойиҳаларни тижорат банкларига тақдим этади.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга Булоқбоши тумани ҳокимлиги ва Уюшма кафиллиги асосида тенг улушларда ссуда сифатида ажратилишини таъминласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Булоқбоши туманида жорий этилган тажрибани кенг татбиқ этиш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари (кейинги ўринларда – Кенгаш раисининг ўринбосари)га:
Уюшма фаолиятини амалга оширишга, қайта ишлаш корхоналари, экспорт қилувчилар ва маҳсулот етиштирувчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш;
август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли ресурслари ва грантларини, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини жалб этиш;
кооперация (кластер) асосида ишлайдиган кластер ва экспорт қилувчи ташкилотлар маҳсулот етиштирувчиларга бириктирилишини таъминлаш;
маҳсулот етиштирувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун ҳар йили июнь-июль ойларида ўқув-семинарларни ташкил қилиш;
хорижий давлатлар фитосанитария талабларидан келиб чиқиб, август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларининг экспортбоп навларини етиштириш ва экспорт қилиш борасидаги ишларни ташкиллаштириш вазифалари юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига икки ҳафта муддатда:
мавжуд вазифалар тақсимотини ва штат бирликларини қайта кўриб чиқиб, Кенгаш раисининг ўринбосарига марказий аппарат, ҳудудий бошқарма ва туман бўлимларидан тегишли тузилмаларни бириктириш;
Кенгаш раисининг ўринбосари таклифига кўра, хўжалик ҳисобидан қўшимча штат бирликлари олинишини таъминлаш тавсия этилсин.
7. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бир ой муддатда:
хорижий давлатлар фитосанитария талабларидан келиб чиқиб, саримсоқпиёзнинг экспортбоп навларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш борасида тавсиялар ишлаб чиқсин ҳамда амалий ёрдам бериш учун карантин инспекторларини туманлар миқёсида маҳсулот етиштирувчиларга бириктирсин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экспорт қилувчилар уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Уюшма билан биргаликда маҳсулотнинг энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилинишини таъминлаш, янги экспорт бозорларини очиш чораларини кўрсин.
8. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион илмий-техник лойиҳаларнинг грант танловлари асосида амалга оширилишини таъминласин.
Белгилаб қўйилсинки, грант танловларида август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларининг янги, экспортбоп навларини яратиш, оналик уруғ ва кўчатзорларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:
икки ҳафта муддатда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази билан биргаликда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ўзига хослигидан келиб чиқиб, август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари навларини жойлаштириш ва етиштириш агротехникаси бўйича тавсиявий қўлланма ишлаб чиқиб, жойларга етказсин;
бир ой муддатда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин;
Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини сув билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш чораларини кўрсин;
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан Уюшма билан биргаликда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларининг ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос, шўрга ва сувсизликка чидамли навларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Уюшмага маҳсулотни сақлаш, экспорт қилишда кўмаклашсин.
10. Уюшмага Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Уюшманинг қисқа муддатларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши, унинг ташкилий тузилмаси, низоми ва ҳудудий жамиятларнинг намунавий тузилмасини тасдиқлаш тавсия этилсин.
Уюшма Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Келес шаҳарчасидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан биргаликда саримсоқпиёз ва сабзавот экинларининг экспортбоп навларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, хорижий давлатлар фитосанитария талабларини тушунтиришга оид махсус кўрсатувлар ташкил этиш ва мунтазам намойиш этиб бориш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 15 октябрь
Манба: ЎзА