Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2020-10-14 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида жами 13 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилиб, 600 мингдан зиёд оилаларни қамраб олишга эришилди.
Мазкур дастурлар ҳудудларда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, унинг турмуш тарзини яхшилаш ва иш билан бандлигини ошириш учун туртки бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, орттирилган тажриба ҳамда халқаро амалиёт комплекс ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи кредит олиш имкониятидан иборат бўлган яхлит тизимни шакллантиришни тақозо этмоқда.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:
1. Аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги асосий йўналишлари амалиётга жорий этилсин:
аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиши ва манфаатдорлигини ошириш;
аҳолида тадбиркорлик соҳасида зарурий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш тизимини жорий этиш, мазкур жараёнга халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларини кенг жалб қилиш;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган микрокредитлаш тизимини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва ривожлантириш;
аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид ижтимоий дастурларни иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғун ва мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаб чиқиш;
тадбиркорлик кўникмаси ва тажрибасига эга бўлган аҳолини ва бошқа кичик бизнес вакиллари салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали улар фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган тўлақонли тизимни яратиш;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш ва ягона давлат ташкилоти томонидан амалга оширилишини ва мувофиқлаштириб борилишини йўлга қўйиш.
2. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва барча бўғиндаги ҳокимликлар ҳудудларда аҳолининг тадбиркорликка қизиқишини ва манфаатдорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўзларининг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгиласин.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши, турмуш даражасини яхшилашга интилиши ва манфаатдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган мотивацион чора-тадбирлар дастурларининг тасдиқланишини таъминласин. Бунда муваффақиятли ёш тадбиркорлар ва тажрибали бизнес вакилларини жалб қилишга эътибор қаратилсин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мазкур бандда келтирилган тадбирларни амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокини таъминласин.
Ёшлар ишлари агентлиги аҳолига ўзининг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган “коучинг” видео материаллар ва дарсликлар, мотивацион роликлар тайёрлаш учун танлов асосида ижтимоий буюртмалар жойлаштирсин.
3. 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади;
касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини (кейинги ўринларда – махсус сертификат) олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ микрокредит ажратилади.
4. Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан биргаликда:
2020 йил 15 ноябрдан бошлаб аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотлари электрон реестрини шакллантириб борсин ва унинг ошкоралигини таъминласин;
2022 йил 1 январдан хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда халқаро стандартлар, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тадбиркорликка ўқитиш дастурлари ва тизими асосида Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизимини ишга туширсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра “Микрокредитбанк” АТБ томонидан нодавлат таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган:
тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Бунда микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.
6. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни молиявий манба билан таъминлаш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратсин. Ушбу маблағларнинг:
9 миллион АҚШ доллари эквиваленти Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига мазкур қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун беғараз асосда;
1 миллион АҚШ доллари эквиваленти Ёшлар ишлари агентлигига мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун беғараз асосда;
90 миллион АҚШ доллари эквиваленти махсус сертификатни олган ёшларга (жами 45 миллион доллар) ва хотин-қизларга (жами 45 миллион доллар) кредитлар ажратиш учун “Микрокредитбанк” АТБга 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст фоиз ставкасида йўналтирилсин.
“Микрокредитбанк” АТБ ушбу маблағларни мазкур қарорнинг 5-бандида кўрсатилган янгича тартибда микрокредитлаш мақсадларига йўналтирсин.
7. Белгилансинки, 2022 йил 1 июлдан бошлаб “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” ва бошқа оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида давлат мақсадли ресурслари ҳисобидан кредитлар “Микрокредитбанк” АТБ томонидан тадбиркорлик йўналиши бўйича тегишли ўқув курсларини тамомлаган шахсларга ягона микрокредитлаш дастури асосида ажратилади.
8. “Микрокредитбанк” АТБ:
2021 йил давомида республиканинг барча туман ва шаҳарларида, шу жумладан, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали микромолиявий хизматлар кўрсатиш имкониятини яратувчи банк инфратузилмалари тармоқларини ташкил этсин;
ўзи операторлик вазифасини бажарувчи Микромолиялаш миллий тизимини яратиш ва унда бошқа кредит ташкилотларининг манфаатдорлик асосида иштирок этишини таъминловчи тизим жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин;
банкнинг қуйи бўғин ходимларини тўлиқ қайта тайёрлаш ва мижозга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилсин. Бунда соҳада муваффақиятга эришган ва халқаро тан олинган хорижий молия институтларида ходимларнинг малака ошириши ва тажриба алмашишини ташкиллаштирсин;
махсус сертификат олган шахслар тўғрисида маълумот алмашиш мақсадида микрокредитлаш дастурларида иштирок этаётган касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари билан ўзаро электрон ахборот алмашинуви тизимини йўлга қўйсин.
Молия вазирлиги “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви таркибига ижтимоий йўналтирилган микрокредитлаш соҳасида етарли тажрибага эга бўлган хорижий малакали мутахассисларнинг жалб қилинишини таъминласин.
9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 январига қадар “Микрокредитбанк” АТБнинг аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича янги бизнес моделини ишлаб чиқсин ва унда қуйидагиларга эътибор қаратсин:
микрокредит олиб кейинчалик барқарор тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтирган ёки камбағаллик рўйхатидан чиққан мижозлар сони ва улуши ошиб боришини банк фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларидан (KPI) бири сифатида белгилаш;
микрокредитлаш дастурлари доирасида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда микрокредитлаш мақсадларида аҳолини молиявий саводхонлик ўқитишни ташкил этиш;
микрокредит олган тадбиркорлар фаолиятини доимий кузатиб бориш ҳамда уларга маслаҳат ва кўмак бериш институтини шакллантириш;
банк мижозлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун харидорлар топиш ва бозорларни кенгайтиришда кўмаклашиш.
10. Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги мазкур қарорда аҳолини тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида келтирилган механизмлар, хусусан, уларни ўқитиш, микрокредит ажратиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш борасида ваколатли давлат органи этиб белгилансин. Бунда Агентлик:
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ишларни ташкил этади, мувофиқлаштиради ва бу борада ягона тизимни шакллантиради;
“Микрокредитбанк” АТБ билан биргаликда тадбиркорлик бўйича ўқув курсларини тамомлаб ва кейинчалик микрокредит олиб фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиб боришнинг ягона “рақамли” тизими жорий этилишини таъминлайди;
доимий мониторинг ва таҳлиллар асосида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришни (йириклаштиришни) рағбатлантирувчи молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштириш ва янгиларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиб боради;
иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар билан ўзаро мувофиқлиги ва тўлдирувчанлигини таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб барча турдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва механизмлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди.
11. Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотлари электрон реестрини шакллантириш ҳамда уларнинг ўқитишга сарфланган харажатларини компенсация қилиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:
нодавлат касб-ҳунар таълими ташкилотлари ва мутасадди идоралар ўртасида ўқувчиларнинг давоматини реал вақт режимида мониторинг қилиш, махсус сертификатга эга битирувчилар тўғрисида маълумотлар олиш имкониятини берувчи идоралараро электрон ҳамкорликни жорий этиш;
нодавлат касб-ҳунар таълими ташкилотлари фаолиятини энг асосий мезон сифатида уларнинг натижадорлиги, шу жумладан, махсус сертификат олган битирувчиларнинг тадбиркорлик ва касб-ҳунар бўйича фаолиятини бошлаганлигидан келиб чиққан ҳолда баҳолаб бориш;
компенсация тақдим этишда ошкоралик ва ҳаққонийликни таъминлаш, мазкур жараёнда турли хил суиистеъмолликлар қилинишининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини яратиш.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 июлдаги ПҚ–4782-сон қарорига мувофиқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан
13. Белгилансинки, мазкур маблағлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ресурс базасини оширишга йўналтирилади ва эксперимент тариқасида кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагича тартибда фойдаланилади:
нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва уларга микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларини амалга ошириш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан танлов асосида 5 йил муддатга, жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади;
нодавлат нотижорат ташкилотларига қарз маблағларини ажратиш учун танловни ўтказиш ҳамда улар билан ижтимоий шериклик тўғрисида шартномаларни тузиш Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади;
нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларига ажратилган қарзнинг бир қисмини микрокредит ташкилотларига шартнома асосида ресурс сифатида жойлаштиради;
нодавлат нотижорат ташкилотларига қарз маблағларини ажратиш учун танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва мустақил экспертлар иштирокида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда ўқув курслари билан қамраб олинадиган ҳудуд ва аҳоли сони, микроқарз фоиз ставкаси, ўқув дастурлари сифати каби асосий мезонларга асосан таклифларни баҳолашни назарда тутади.
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида мазкур маблағлар ҳисобидан қарз ажратиш бўйича танловларни эълон қилсин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ажратиладиган маблағларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг ўрнатсин.
14. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларига мазкур қарорнинг 13-бандига мувофиқ тақдим этиладиган қарз маблағлари ҳисобидан микроқарзлар микрокредит ташкилотлари томонидан кенг аҳоли қатламларига, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга қуйидаги шартларда ажратилади:
қарз олувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий саводхонликларини ошириш, касбий ва тадбиркорлик кўникмаларни шакллантиришга қаратилган дастурлари талабларига мос келиши лозим;
микроқарзлар тадбиркорлик ва даромад олишга қаратилган мақсадлар учун бир қарз олувчига 25 миллион сўмдан ошмаган миқдорда ажратилиши лозим;
микрокредит ташкилотлари қарз олувчи томонидан шартномага мувофиқ мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш шартисиз, шу жумладан, бир-бирларини қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ кафиллиги асосида микромолиявий хизматлар кўрсатишга ҳақли.
15. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда олинадиган давлат божи маблағларининг 20 фоизи Савдо-саноат палатасига йўналтирилади;
давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларнинг Савдо-саноат палатасига йўналтириладиган қисми 3 фоиздан 5 фоизгача (Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига йўналтириладиган қисмини камайтириш ҳисобидан) оширилади.
16. Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офислари очилсин ва уларнинг намунавий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда икки ҳафта муддатда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ва Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг низомларини тасдиқласин.
17. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Марказий банк раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 13 октябрь
Манба: ЎзА