Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қорақалпоғистонда туман ва тармоқларни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар белгиланди

2020-10-02 | Сиёсат

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Охирги тўрт йилда ўнлаб йирик тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа замонавий саноат корхоналари қурилиши ҳисобига Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ўсган. Янги сув тармоқлари қурилиши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 40 фоиздан 67 фоизга етди. 241 та мактаб, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари янгидан қурилди, капитал таъмирланди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловни Жўқорғи Кенгес Раислигига сайлангани билан табриклаб, ўта масъулиятли вазифада муваффақият тилади.

- Янги раҳбар фаолиятининг энг муҳим йўналиши “халқнинг дардини эшитиш ва масалаларини ҳал этиш” бўлиши керак. Бунинг учун тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш, халқ билан маслаҳатлашиб ишлаш зарур. Қорақалпоғистонда элни севган, билимли, фидойи ёшлар кўп. Уларни бирлаштириб, натижа қилиш, эл-юртга манфаат олиб келиш керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Қорақалпоғистонда барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Унга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос “ўсиш нуқта”си этиб белгиланган.

Президент барча 16 та туманни янада равнақ топтириш мақсадида мазкур «ўсиш нуқталари» бўйича тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, тараққиёт даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам 3 йил муддатга солиқ ва  божхона имтиёзлари берилади. 

Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилди.

Йиғилишда келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш белгиланди.

Биринчиси – туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш, иккинчиси – аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўлса, учинчиси доирасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш саъй-ҳаракатлари тўртинчи устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Бешинчиси этиб хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, олтинчиси ўлароқ қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазифаси қўйилди. Еттинчидан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ишлар ташкил қилинса, саккизинчидан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Тўққизинчи устувор йўналиш этиб ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш кўрсатиб ўтилган бўлса, ўнинчиси доирасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан кўрсатмалар берилди.

Президент мамлакатимиз йигит-қизларини мазкур ҳудуд ҳаёти билан таништириш мақсадида келгуси йили Қорақалпоғистонда Ёшлар фестивали ташкил этиш таклифини билдирди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться