Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданият вазирлигида тантанали маросим ўтказилди
2020-10-01 | Таълим
“Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин минг ганж ила”.
Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир. Юртбошимизнинг маданият ва санъат соҳасига қаратаётган эътибори ва бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак даражада эътироф этилмоқда.
Маданият вазирлигида 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унда Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, барча устоз ва мураббийларга байрам табригини йўллади. Тадбир давомида соҳада самарали фаолият олиб борган ўқитувчиларнинг хизматлари муносиб равишда эътироф этилиб, Маданият вазирлигининг қимматбаҳо совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди.
Маълумот ўрнида бугунги кунда маданият вазирлиги тизимида
340 та таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан, олий таълим муассасаси 6 та, мусиқа ва санъат коллежи 2 та, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мкактаблари 17 та, мусиқа мактаб-интернатлари 8 та ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари 317 тани ташкил этади. Ушбу таълим муассасаларда 16 000 нафар ўқитувчи ва концертмейтерлар фаолият кўрсатиб келмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 536-сонли қарорига асосан мазкур ўқув йилидан бошлаб «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби», «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси», «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» фахрий унвонлари ― профессор илмий унвонига; «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари ― доцент илмий унвонига; ижодий ишлар (саҳналаштирилган мусиқий спектакль, мусиқий асарлар, концертлар, бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли ва анимацион фильмларга ёзилган мусиқалар) муаллифлиги ― илмий, ўқув-методик ишларга тенглаштирилганлиги давлатимиз томонидан устоз ва мураббийларга бўлган бўлган эътиборнинг яна бир яққол намунасидир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги