Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Зойир Мирзаев устоз ва мураббийларга табрик ҳамда ота-оналарга мурожаат йўллади

2020-10-01 | Таълим

Азиз ўқитувчи ва мураббийлар, таълим соҳасининг жонкуяр фидойилари!

Сўзим аввалида барча устоз, мураббийларни, умрини машаққатли ва шарафли касб – ёш авлодга билим беришдек меҳнатга бағишлаган соҳа ходимларини "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" умумхалқ байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Бизга илм, билим берган мўътабар, мукаррам инсонлар олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Ҳаёт йўлларида ютуқ ва марраларга эришиб, илм, фан чўққиларини забт этиш баробарида бир буюк зот олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси ортиб бораверади. Сабр ва матонат, меҳрибонлик, жонкуярлик билан ҳижжалаб ўргатилган сабоқ, ўқитувчи, мураббийларнинг ибрати, ўгитлари ҳаёт манзилларида одамийлик мулки бўлиб қолади.

Бугун юртимизда  таълим-тарбия ишларига устувор вазифа сифатида янгича қараш билан ёндашилмоқда.  Дунё миқёсида рақобат муҳити кескин бўлган бир паллада ўғил-қизларимизнинг замонавий билимларни эгаллаши, ўткир ва дадил фикрлари билан жаҳон саҳнига чиқиши учун барча куч, имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Юртимиз бўйлаб қад ростлаган буюк алломалар, мутафаккир, адиб ва шоирлар номи билан аталувчи ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, хусусий таълим масканлари, Президент мактаблари, “Темурбеклар мактаблари” нинг фаолият юритаётгани, унда истеъдод соҳиблари камолга етаётгани миллатнинг эртасига бўлган эътибор, ғамхўрликдир. Айниқса, ўқувчиларга пухта билим бериш ва касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида йўлга қўйилаётган “Яккабоғ тажрибаси”ни кенг оммалаштириш таклифини тажрибали ўқитувчилар, ота-оналар мамнуният қарши олаётганлари рост.

Биргина, Қашқадарёда 2020 йил давомида 170 та мактабгача таълим ташкилоти  иш бошлади. Яқин икки йил ичида вилоятда мактабгача таълим муассасалари сони уч баробарга ортди. Мактаб таълимига қаратилаётган эътибор, тезда ўз самарасини кўрсатиб халқимизни мамнун этмоқда. Қашқадарёлик ўқувчиларнинг жорий ўқув йилида бир эмас, икки эмас, етти халқаро ўқув юртининг талабаси бўлиши-бу фахр, фидойи ўқитувчилар меҳнатининг самараси.

Ислоҳотлар ортидан барча соҳалардаги каби таълимнинг энг муҳим ва дастлабки, бўғини бўлмиш мактабгача таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар бўлди. Хабарингиз бор, мактабгача таълим 2017 йилда халқ таълимидан алоҳида ажратилиб, алоҳида янги вазирлик ташкил этилди.

Юқори таъкидлаганимиздек, ислоҳотлар аввалида вилоятда 326 та МТМлар бўлган бўлса, уларда жами мактабгача таълим ёшидаги 275 123 нафар болалардан атиги 32 059 нафар болалар яъни 12 фоизи қамраб олинган эди холос. Бугунги кунда мулкчиликнинг турли шаклидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятига рухсат берилгани, имтиёзли кредитлар жорий этилгани ҳисобига МТМлар сони 1286 тага етди.

Янги ташкил этилган МТМлар ҳисобига кейинги 3 йил ичида 3585 та педагоглар учун янги иш ўринлари яратилди.

Мактаб таълимини ислоҳ қилишнинг муҳим пойдевори эса 11 йиллик мажбурий таълимни жорий этилиши бўлди. Бундан 3 йил олдин мактаб ўқитувчиларининг 13 051 нафари ўрта махсус маълумотли эди. Бугун уларнинг сони 11 549 нафарга қисқарди.

2016 йилдан бугунги кунга қадар 94 та хом ғишт ва пахсадан қурилган мактаблар биноси замонавий тарзда қайта қурилди ва жиҳозланди.

Қарши шаҳрида энг ривожланган хорижий давлатлардаги мактаблардан қолишмайдиган “Абдулла Орипов” ижод мактаби фаолиятини бошлади. Қисқа муддатда ушбу мактаб ўқувчилари Республика миқёсидаги турли танловларда муносиб иштирок этиб келмоқдалар.

Бу йилги тест натижаларини кўриб келгусида Ихтисослашган мактаблар, ўз устига иишлайдиган ўқитувчилар ҳамда фидойи синф раҳбарлар ўқувчиларни келгусида муносиб кадр бўлиб етишларида ўрни катта эканлиниги англаб етдик. Бундай факторлар бўлган мактабларда битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш кўрсатгичи юқори бўлди.

Китоб тумани 1-ихтисослашган мактабнинг 54 нафар битирувчисидан 45 нафари ОТМ талабаси бўлди, шундан 4 нафари эса хорижий ОТМларга қабул қилинди.
Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги 1-ихтисослашган мактаб, 7-ихтисослашган мактаб, Қарши шаҳридаги 41-ихтисослашган мактабларда таҳсил олган ўқувчилар ҳам яхши натижалар кўрсатишди.

Кейинги йилларда олий таълимга қабул квоталарини оширилиши, тест синовларини адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилиши, кўплаб янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кириш имтиҳонлари учун тест синовларини ўз ҳудудида топшириш имкониятлари, бир вақтнинг ўзида 3 та ўқув юртига кириш имтиёзи берилгани, хотин-қизлар учун алоҳида квоталар белгиланиши олий таълим тизимида туб ижобий ўзгаришлар бўлишини таъминлади.

Вилоятда 2 та олий таълим муассасаси 1 та ОТМ филиали мавжуд эди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ортидан яна 3 та нуфузли ОТМ филиалларини очилиши қашқадарёликларга катта совға бўлди.

2017-2020 йиллар мобайнида жами 97 нафар профессор-ўқитувчилар томонидан диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинди.

Вилоятдаги ОТМлар билан Германия, Буюк Британия, Франция, Корея, Россия, АҚШ, Беларусь, Хитой, Дания, Чехия, Болгария, Польша, Руминия, Португалия давлатлари ОТМлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, боғчадан тортиб, мактабгача, олий ўқув юртларида ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўргатиш, она тилини мукаммал билиши, хорижий тилларни ўрганиши, ёшларни бошқарув соҳасида етук мутахассис бўлиши учун белгиланган чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.

Юқорида ислоҳотлар замирида мен келтириб ўтган ютуқларда сиз каби ўқитувчи мураббийларнинг меҳнати, салоҳияти, ватанпарварлиги беқиёсдир.

Касб байрамингиз билан яна бир бор табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга файз тилайман. Шогирдлар камолидан мамнун бўлиш бахти ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими.

Манба: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Поделиться