Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-лейтенант Т.А.Худайбергеновнинг 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан байрам табриги
2020-10-01 | Таълим
Ҳурматли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими
профессор-ўқитувчилари, қадрли устоз-мураббийлар!
Барчамизга маълумки, ҳар йили 1 октябрь санаси мамлакатимизда Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида қизғин нишонланади.
Бу айём муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида янги Ўзбекистонни барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар даврида янгича мазмун-моҳият ва сифат касб этди.
Янгиланишлар жараёнида ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, устозлик мақомини янада ошириш, уларни моддий-маънавий рағбатлантириш, ижтимоий муҳофазалашга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, устоз улкан эҳтиромга, қадрга муносиб. Чунки устоз ҳар бир одамнинг комил инсон сифатида улғайишида, илму-ҳунар эгаллаб, ҳаётда ўз ўрнини топишида, халқига, юртига муносиб фарзанд бўлиб, садоқат билан хизмат қилишида бамисоли йўлчи юлдуз вазифасини бажаради. У шогирдининг ақлини, онгу шуурини маънавият, маърифат нурлари билан чароғон этиб туради. Оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратишга ўргатади. Оғир кунида суянч бўлади, мағлубиятга эришганда, далда беради, зафарга чорлайди. Ғалабасидан эса бамисоли ўз фарзандининг ютуғидан қувонгандай шодланади. Шунинг учун ҳам халқимиз устозни отадай улуғ деб билади. Онадек мўътабар санайди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ана шундай меҳрибон, фидойи, камтарин ўқитувчи-мураббийлар кўпчиликни ташкил қилади. Айниқса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси ўзаро бир жамоага айлангандан сўнг бу миқдор янада ошди. Бу, ўз навбатида, бизни янада мамнун этади. Чунки фидойи устозлар кўп жойда, албатта, тараққиёт, хотиржамлик ҳукмрон бўлади.
Бугунги кунда вазирлик Академияси, Академия ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти, ҳудудий ҳаётий фаолият хавфсизлиги Ўқув марказлари, Самарқанд шаҳридаги бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш ўқув маркази, "Темурбеклар мактаби" харбий-академик лицейи профессор-ўқитувчилари, улардаги жамики устоз-мураббийлар нафақат юртимиздаги Фуқаро муҳофазаси тизими ходимларининг соҳавий билимларини ошириш, бу борада илмий-методик тадқиқотлар олиб бориш, балки ёш авлодни фавқулодда вазиятлар соҳасига тайёрлаш, уларни республика аҳолиси ва ҳудудларини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, ёнғин ҳодисаларидан муносиб ҳимоя қиладиган малакали мутахассислар этиб тарбиялаш йўлида ҳам бор куч-имкониятлари, билим-малакаларини сафарбар этиб келмоқдалар. Албатта, уларнинг ёш авлодни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш йўлидаги жонбозликлари улкан эътибор ва эҳтиромга муносиб.
Қадрли ФВВ тизими профессор-ўқитувчилари, устоз-мураббийлар!
Ҳозирда вазирлик тизими ходимларининг халқимиз ишончи, давлатимиз эътиборини қозонишида Сизнинг кўп йиллик камтарин, аммо ўзига хос машаққатли ва ибратли хизматларингиз бор, албатта. Соҳа тизимида бугунги кунга қадар неки ютуқ ва самараларга эришилган бўлса, шубҳасизки, бу Сиз азизларнинг шогирдларингиз - ёш офицер, сержант, сафдор ҳамда хизматчи ходимларга берган муносиб устозлик таълим-тарбиянгиз сабаблидир.
Шундай экан, ушбу ҳаяжонли лаҳзаларда барчангизга дилимиздаги энг эзгу тилакларимизни изҳор этиш бизни ғоят мамнун этади. Истагимиз шуки, ҳамиша соғ-омон бўлиб, вазирлик тизимидаги самарали ислоҳотларда бош иштирокчи, доно маслаҳатчи бўлиб тураверинг. Умид ва ишонч билан айтамизки, бундан кейин ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими фаолиятини оқилона ташкил қилиш, юртимизда Фуқаро муҳофазасини тизимли равишда йўлга қўйишда Сиз азизлар ўз билимингиз, бой тажрибангиз билан бизга яқин кўмакдош бўласиз.
Айёмингиз билан яна бир бор муборакбод этамиз! Шогирдлар бахтига ҳамиша омон бўлинг! Байрамингиз қутлуғ бўлсин!
Вазир, генерал-лейтенант Т.Худайбергенов
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги