Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовнинг “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан юртимиздаги ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги
2020-10-01 | Таълим
Азиз устозлар!
Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим байрам — “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин юракдан табриклайман.
Халқимизда "Устоз — отангдек улуғ", деган пурмаъно ҳикмат бор, бу бежиз эмас, албатта. Боиси кимки ўз ҳаётида бирор ютуққа эришган, касбидан қадр топиб, ҳурмат қозонган бўлса, ўша инсоннинг етук шахс бўлиб вояга етишида устоз ва мураббийларининг ҳам меҳнати,улкан хизматлари катта бўлганлигидан далолат беради. Шу боисдан Сиз доимо биз учун қадрлисиз, мудом эъзоздасиз.
Айтиш мумкинки, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар олиб борилмоқда, неча йиллар эътиборсиз қолган энг муҳим ҳаётий жабҳа ривожида бугунга келиб катта ижобий қадамлар ташланмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги олий ва ўрта, мактабгача таълим тизими ўз тараққиётининг янги даврини бошдан кечирмоқда.
Бу оламшумул ўзгаришларни чинакам маънода рўёбга чиқариш, айниқса, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ҳаётга татбиқ этилган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да келтириб ўтилган бир қатор муҳим ва долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, халқимиз маънавияти, ёшларимиз таълим-тарбияси ҳамда билимини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга оширишда Сиз азиз инсонларнинг фаол иштирокингиз, ташаббускорлик ва ватанпарварлигингиз алоҳида ҳурматга, эътирофга лойиқдир.
Қадрли устозлар!
Сиздек мўътабар ва азиз инсонларнинг фарзандларимиз камоли ва эртанги порлоқ келажаги учун олиб бораётган заҳматли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда, уларнинг билимли ва дунёқараши кенг, комил инсон, бир сўз билан айтганда, келгусида шу юрт, шу халқ учун фидойилик кўрсатиб, Ўзбекистоннинг шон-шавкатини дунёга танитадиган содиқ фарзандлар бўлиб вояга етишида Сизларнинг буюк хизматларингиз муҳим ва унутилмас эканлигини таъкидлашдан мамнунман.
Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!
Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан самимий муборакбод этган ҳолда, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ ва омон бўлинг, азиз устозлар!