Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон иқтисодиётнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга очиқлиги даражаси бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллади
2020-09-24 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни видеоконференция шаклида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) “Марказий Осиё мамлакатларида тадбиркорликнинг ҳуқуқий муҳитини такомиллаштириш” мавзусида минтақавий вебинари бўлиб ўтди, унда ҳукумат аъзолари, минтақа давлатлари инвестициялар ва иқтисодий блокларининг вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ваколатхоналари ва халқаро молия институтлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Вебинар бир қатор тематик мунозараларга бўлинди, улардан бири Марказий Осиё мамлакатларида инвестиция фаолияти ва савдо муносабатларининг умумий шартлари бўлди. Ушбу мунозара доирасида ИҲТТ экспертлари томонидан ўтказилган минтақа давлатларидаги тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятининг ҳуқуқий муҳитини баҳолаш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш этиш керакки, жорий йилда Ўзбекистон ИҲТТнинг Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун тартибга солувчи чекловлар индексига биринчи марта киритилди. Индекс турли мамлакатлар иқтисодиётининг хорижий инвесторларга очиқлиги даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади. У ёки бу давлатнинг Индексдаги позицияси хорижий инвесторларнинг корхоналарнинг устав фондларида улушли иштирок этишига амалдаги чекловларнинг, қўшимча рухсатномалар олишга заруриятнинг, асосий ходимларни ишга олиш бўйича чекловларнинг ва мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бошқа омиллар мавжуд бўлмаганлиги асосида белгиланади.
Инвестиция ва иқтисодий соҳаларда институционал юксалиш ва кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш доирасида самарали ҳамкорлиги туфайли Ўзбекистон 83 та давлат орасида 43-ўринни эгаллаб, энг яқин қўшнилари - Қозоғистон (56-ўрин), Тожикистон (58-ўрин) ва Қирғизистонни (62-ўрин) ортда қолдирди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, рейтингга кўра, Ўзбекистонда Польша (44-ўрин), Швейцария (49-ўрин), АҚШ (52-ўрин), Жанубий Корея (61-ўрин), Канада (66-ўрин) ва Россия (77-ўрин) каби мамлакатларга нисбатан хорижий инвесторларнинг фаолиятига ўрнатилган чекловлар сезиларли даражада кам. Шу билан бирга, рейтингда биринчи ўринни Люксембург эгаллади, ундан кейин Словения, Португалия, Руминия ва Чехия Республикаси, сўнгги ўринларни эса Филиппин, Фаластин, Жазоир ва Ливия ўзаро тақсимладилар.
Ўзбекистон Республикаси номидан тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди, ва ўз нутқида ИҲТТнинг амалий кўмагида минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, улар томонидан Республикада бизнеснинг инвестиция ва инновацион фаолиятига тўсқинлик қиладиган тўсиқларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларнинг асосий йўналишлари - банк секторини босқичма-босқич хусусийлаштириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардош моделини шакллантириш, инфратузилмага инвестицияларни жалб қилиш учун давлат-хусусий шериклик воситаларини ривожлантириш, давлат ва инвесторлар ўртасидаги ўзаро алоқалари жараёнини рақамлаштириш, капитални легаллаштиришни рағбатлантириш ҳамда иқтисодий ўсиш ва кескин технологик ривожланиш нуқтасига айланиши мумкин бўлган энг истиқболли тармоқлардан фойдаланишга йўналтирилган самарали инвестиция сиёсатини олиб бориш белгилаб берилди.
Вебинар доирасида шунингдек, инвестиция, савдо ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муҳитни яхшилашнинг айрим жиҳатларига бағишланган бир қатор мунозаралар бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султанов, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт вазири С.Муканбетов, Тожикистон Республикаси инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш Давлат қўмитаси раиси Ф.Хамрализода ва минтақа мамлакатларининг тегишли вазирлик ва идораларнинг бошқа раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбир якунида конференция иштирокчилари ИҲТТ ва ЕИ билан кичик ва ўрта бизнес учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, ўзаро савдони ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатларининг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги