Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент: Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ
2020-09-22 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бутун дунёда рақамли технологиялар барча соҳа ва одамлар ҳаётига жадал кириб бормоқда. Бу йўналишга ўз вақтида киришган давлатлар ривожланиб, аксинча, эскича ишлаганлар тараққиётдан орқада қоляпти.
2020 йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниб, бу борада катта ишлар бошланди. Хусусан, 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бугунги видеоселектор йиғилишида шу борада амалга оширилаётган ишлар, жорий йил якуни ва 2021 йил биринчи чорагига мўлжалланган лойиҳалар муҳокама этилди.
– Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари рақамлаштиришсиз натижа, ривожланиш бўлмаслигини тушуниб етиши шарт. Барча даражадаги раҳбарлар буни ўзига кундалик вазифа сифатида белгилаб, рақамлаштириш соҳасини алифбосидан бошлаб чуқур ўрганиши керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Жорий йил якуни бўйича ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари рақамли иқтисодиёт соҳасида кескин ўзгариш қилиши зарурлиги айтилди. Президент бу янгиланишларни одамлар ўз ҳаётида, бюрократия ва коррупция камайгани мисолида, давлат хизматларини кўрсатиш тезлашганида сезиши лозимлигини таъкидлади.
Туман ва шаҳар ҳокимлари бир ойда 2-3 кун фақат рақамлаштириш билан шахсан шуғулланиши белгиланди. Уларнинг фаолиятига ҳудудда рақамлаштириш қай даражада йўлга қўйилганига қараб баҳо берилади. Бу соҳада яхши натижа кўрсатган раҳбарларга 30 фоизгача устама жорий қилинади.
Давлатимиз раҳбари ҳар доим аввало аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлайди. Шу талабдан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар томонидан 530 та ҳудудий ва 280 та тармоқ лойиҳаси тайёрланган.
Хусусан, жорий йил якунигача 14 ва келгуси йил биринчи чорагида яна 14 туманда одамлар энг кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш, кадастр, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналишларини рақамлаштириш бўйича 239 та лойиҳа амалга оширилади.
Масалан, “Электрон поликлиника” тизимини жорий қилиш орқали қоғоз ҳужжатлар 40 фоизга, навбат кутиш 60 фоизга қисқаради. Бунинг учун марказий шифохона ва поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш лозим.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимлари жорий этилмоқда. Ушбу дастурлар келгуси йили Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида йўлга қўйилиши айтилди. Шунингдек, “электрон кундалик”, “электрон дарслик”, “ўқитувчиларни баҳолаш” тизимларини барча ҳудудларда жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жорий йилда белгиланган 14 туманда ижтимоий муассасаларни тўлиқ рақамлаштириб, қолган ҳудудлар учун намуна қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Рақамлаштириш иқтисодиёт тармоқларида тежамкорлик ва самарадорликни таъминлайди. Масалан, Тойлоқ ва Оқдарё туманларидаги шағал кавлаб олиш карьерида машиналарнинг юк ҳажмини назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани натижасида ойлик тушум 3 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмга ошган.
Давлат солиқ қўмитасига норуда карьерлардан фойдаланишда “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш, бунинг учун ер қаъри кавланиши, юк ҳажми ва машиналар ҳаракатини назорат қилувчи электрон тизимларни ишга тушириш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда саноат тармоқларида амалга ошириладиган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ, – дея таъкидлади Президент.
Келгуси уч йилда нефть, газ ва энергетика соҳасида 18 та, металлургия бўйича 12 та, автосаноат тизимида 9 та, кимё саноатида 8 та, тоғ-кон геология тармоғида 4 та рақамлаштириш лойиҳаси режалаштирилган.
Мисол учун, Муборак ва Шўртан нефть-газ корхоналарида автоматлашган диспетчерлик хизмати жорий этилгани туфайли йилига 50 миллион куб метр газ ва 650 минг киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилишга замин яратилди. Асакадаги автомобиль заводида логистика, харидлар, хомашё ва бутловчи қисмлар ҳаракатини рақамлаштириш орқали 41 миллион доллар тежаш мумкин. Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидаги “Ёшлик-1” ва “Қолмоққир” конларида транспорт комплекси автоматлашган бошқарув тизимини жорий қилиш ҳам шундай самарали лойиҳалардан. Бу орқали йилига 28 миллиард сўмлик маблағ тежалади.
Президент барча лойиҳаларга масъулларни белгилаб, уларни муддатида, сифатли бажариш, халқаро молия ташкилотлари маблағларини йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Бош вазир ва унинг ўринбосарларига ўн кун муддатда ўзлари масъул бўлган соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш бўйича жорий ва келгуси йил учун режалар ишлаб чиқиш юклатилди.
Рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва унумли ишлатиш, албатта, мутахассисларга боғлиқ. Шу боис кадрлар тайёрлашга ҳар томонлама аҳамият берилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки бунёд этилган эди. Андижон ва Марғилон шаҳарларида унинг филиаллари очилди. Пойтахтимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида яна бир филиал биноси қурилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ахборот технологияларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган 205 та мактаб ташкил этилиши режалаштирилган.
Халқ таълими вазирилиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жорий йилда 14 та, келгуси йилда 82 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Тошкент ахборот технологиялари университети ва IT-паркларда ахборот технологиялари ўқитувчиларини тайёрлаш ҳамда уларни сертификатлашнинг миллий тизимини жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди. Малака сертификати олган ўқитувчиларга ҳар ойда қўшимча 50 фоиз устама тўланади. Шунингдек, ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” курсини муваффақиятли якунлаган мактаб ўқитувчиларини мукофотлаш йўлга қўйилади.
– Бугун кўриб чиқилаётган масала ривожланиш ва халқимиз ҳаётини яхшилаш борасидаги ишларимизнинг энг катта замини, – деди Президент. – Буни барча ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари тушуниб, дунёқарашини ўзгартириб, айтилган вазифалар ижросига қаттиқ киришишлари керак.
Бош вазирга муҳокама қилинган чора-тадбирлар ижросини соҳалар ва ҳудудлар кесимида назорат қилиш топширилди.
Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар рақамлаштириш лойиҳаларидан халқимизга қандай енгилликлар бўлиши борасида ахборот берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти