Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
2020-09-18 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг
кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан
чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича
Республика махсус комиссиясининг
АХБОРОТИ
Пандемия шароитида амалга оширилаётган карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш, санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда карантин талабларини қисқартириш чораларини амалга ошириш, хусусан, халқаро қатновларни тиклаш орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан республика аэропортларида, темир йўл станцияларида ва чегара пунктларида шахслар ва транспорт воситаларини ҳаракатланиши бўйича бундан олдин киритилган чекловлар юмшатилиб, 2020 йил 1 октябрдан мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикасига авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилди.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 31 августдаги қарори билан тасдиқланган Коронавирус пандемияси даврида мунтазам халқаро авиақатновларни амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик йўриқнома талаблари барча турдаги халқаро авиақатновларга ва халқаро темир йўл қатновларини амалга ошириш ҳолатларига ҳам тегишлилиги бўйича татбиқ этилиши белгиланди.
Республика аэропортларида, темир йўл станцияларида ва чегара пунктларида шахслар ва транспорт воситаларини ҳаракатланишига рухсат берилаётганлиги муносабати билан халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан қўлланилган чекловлар бекор қилинди. Шу билан бирга туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида туристик компанияларга туристларни олиб келиш билан боғлиқ енгилликлар тақдим этилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикасига хорижий давлатлар фуқаролари бўлган туристларни олиб келиш фаолияти билан шуғулланаётган туристик фирмалар улар томонидан мамлакатимизга туристик гуруҳ (5 кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган ва турли касалликлар, жумладан, Covid-19 қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарти билан)сифатида ташкил этилаётган туризм саёҳатларини амалга оширишдан аввал туристларни ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлаши ҳамда ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган туристларга нисбатан 14 кунлик карантинда сақлаш бўйича чеклов қўлланилмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасига киришда коронавирус инфекциясига ПЗР, экспресс-тест ёки антиген текширувларидан ўтказилмаслиги белгиланди.
Хорижий туристлар Ўзбекистон Республикасида мавжуд карантин чекловлари ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишлари лозим бўлиб, бу борадаги талаблар бажарилиши туристик фирмалар зиммасига юклатилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида коронавирус инфекциясининг аломатлари (йўтал, иситма ва б.қ.) пайдо бўлганда хорижий турист ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади, бунда тест натижалари мусбат чиқадиган бўлса ўз ҳисобидан карантинга олиниб даволанишдан ўтади ёхуд ўз мамлакатига қайтади.
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон республикалари ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига кираётган шахслар санитария қоидаларига ва нормаларига қатъий риоя этган ҳамда коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.
Хорижий давлатлардан (авиа, темир йўл ва автотранспорт воситаси орқали) келувчи шахсларни Ўзбекистон Республикасида қабул қилишнинг қуйидаги тартиби татбиқ этилади:
сўнгги 14 кун давомида “яшил” давлатда (Хитой, Тайланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финляндия, Латвия, Австрия ва Япония) бўлиб турган шахслар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тўғридан-тўғри киритилади;
“сариқ” (Озарбайжон, Беларусь, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари (Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) ҳамда “қизил” давлатлардан (қолган барча давлатлар) кириб келаётган шахслар – сўнгги 72 соат давомидаги коронавирус инфекциясига ПЗР тест текширувининг манфий натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.
Бунда:
шахс сўнгги 72 соат ичида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтмаган бўлса ёхуд шахсда коронавирус инфекциясининг аломатлари (йўтал, иситма ва б.қ.) мавжуд бўлса, Ўзбекистонга келганидан сўнг ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилиб, 14 кунга меҳмонхонага ёки уй карантинига юборилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахслардан 14 кун давомида меҳмонхонада ёки уй карантинида бўлиш мажбуриятини зиммасига олиш тўғрисида “тилхат” олинади;
ПЗР, экспресс-тест ёки антиген текшируви натижалари мусбат (ижобий) бўлган тақдирда, шахс белгиланган тартибда карантин маркази ёки хоҳишига кўра меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.
Масъул идораларга хорижий мамлакатлар мутасадди идоралари билан музокаралар ўтказган ҳолда барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича алоҳида топшириқ берилди.
Шу билан бирга карантин чекловлари юмшатилиши муносабати билан айрим фуқаролар томонидан мавжуд карантин чекловлари ҳамда санитария-эпидемиологик талабларга риоя этилмаётганлиги, шу жумладан, жамоат жойларида, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақланмаётганлиги, тиббий ниқоб тақмаган ҳолда ҳаракатланаётганлиги, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш талаби ва тартиби бузилаётганлиги ҳамда бунинг оқибатида аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳолатлари кескин кўпаяётганлигини инобатга олиб, масъул вазирлик ва идораларга профилактик ва назорат тадбирлари (рейдлар)ни амалга ошириш топширилди.
Манба: ЎзА