Бу йил илк маротаба юртимизда 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Ҳозирда жойларда ушбу байрамга бағишлаб турли тадбирлар ташкиллаштирилмоқда. Хусусан, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда вазирлик, идора ва муассасалар раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари, тилшунос ва адабиётшунослар, журналистлар ҳамда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг она тили, яъниким давлат тилининг нуфузи ҳамда мавқеини оширишга оид бир-биридан қизиқарли ва мазмунли мақолалари, суҳбат ҳамда интервьюлари эълон қилиб борилмоқда.
Ушбу эзгу амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ҳиссаси катта бўлмоқда, албатта. Бугун Департаментнинг бевосита раҳбарлиги остида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Давлат тилида иш юритиш” китобларининг янги таҳрирда чоп этилганлиги давлат тилини ривожлантиришдаги муҳим қадамлардан бўлди. Шунингдек, давлат тилининг қадр-қимматини оширишга бағишланган қатор танловлар жамиятимизда давлат тилига нисбатан эътиборни яна-да оширишга хизмат қилмоқда.
Айни ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон фарзандиман деган ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши, қайси касб, қайси соҳа эгаси бўлишидан қатъи назар, давлат тили ривожига муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Унутмаслик керакки, давлат тилига ҳурмат, аввало, сўзларни тўғри талаффуз қилиш ва ёзишдан бошланади. Тасаввур қилинг: “вазият” сўзининг ўрнида “азият” ёки “одат” сўзининг ўрнида “офат” сўзи янглиш ёзилса, матнда қанчалик маъно ўзгаради. Эзгулик, қувонч, ёруғ истак маъноларини билдирувчи сўзлар ўрнида ғам-алам, талофат ва кулфат маънолари бўй кўрсатади. Сўзда сеҳр бор дейдилар. Шундай экан, ҳар бир сўзлаётган сўзимизга меҳрли, тилимизга эътиборли бўлишимиз зарур.
Аслида она тилига бефарқлик, уни қадрламаслик, давлат тилини эъзозлашга оид қадриятларни унутиш ҳар қандай офатдан, бахтсизликдан ҳам ёмондир. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, аллома устоз Абдулла Орипов “Она тилимга” шеърларида шундай ёзган эдилар:
Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...
Дарҳақиқат, устоз адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг "Она тилим, сен борсан, шаксиз, Булбул куйин шеърга солурман..." мақоласида (18.10.2019, “uza.uz” сайти) келтирилганидек, шеърда булбул – бетакрорлик рамзи. Бошқа ҳеч кимникига ўхшамагани учун унинг каломи минг йиллар ўтса-да, ўзгармайди. Бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Тўти эса – тақлид тимсоли. Шу боисдан у ачинмоққа сазовор. Шу сабабдан ҳам унга нисбатан “шўрлик” эпитетини қўллайди шоир. Шоирнинг булбул куйини шеърга солаётгани сабаби – она тилининг мавжудлиги. Тилини йўқотганлар ҳам тўти билан қисматдош бўлишга маҳкум...
Айни саккиз қатор шеърнинг ўзи она тилининг инсон, жамият тақдирида қанчалик беқиёс ўрин тутишини, истиқлол, ҳурлик, ватан, киндик қон тўкилган муқаддас тупроқ тушунчаларига эгиз эканлигини англатади.
Шунинг учун ҳам давлат тилини эъзозламоқ, унинг қадр-қимматини ўрнига қўймоқ керак. Унутмаслик керакки, она тили она ватан каби азиз ва суюкли, у ҳамиша эътибор ҳамда эҳтиромга муносиб.
Баҳодир Валиев,
Фавқулодда вазиятлар вазири маслаҳатчиси
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти