Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бош вазир кубоги” – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмоқда
2020-09-11 | Спорт
Жорий йилнинг 4-12 октябрь кунлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида футбол турнири ташкил этилади.
ЎзА мухбири “Бош вазир кубоги” мусобақасини ўтказишдан кўзланган мақсад, пандемия даврида иштирокчиларнинг саломатликларини асраш борасида қандай ишлар амалга оширилиши ва мусобақа қай тартибда ўтиши ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Умид РАЖАБОВ билан суҳбатлашди.
– Мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад нима?
– Маълумки, 2019 йил 4 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида юртимизда фаолият кўрсатаётган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлардаги йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида турли оммавий-маданий ва спорт тадбирлари, шу жумладан, “Бош вазир кубоги” мусобақасини ўтказиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу мусобақаларни ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари, қайсики, кўп вақти ўз хонасида ўтадиган, асосан ақлий меҳнат билан машғул бўладиган инсонларни соғлом турмуш тарзига ошно этишдан иборат. Шуни таъкидлаш керак, раҳбар ходим спортга қизиқса, соғлом турмуш тарзига ошно бўлса, билингки, бу инсон ходимларини ҳам спорт билан шуғулланишга даъват қилади, иш жойида бунга шарт-шароит яратиб беради.
Қолаверса, ақлий меҳнат билан машғул инсон спорт, дейлик бадантарбияга ошно бўлса, соғлиғи мустаҳкамланади, иш унумдорлиги ортади. Бундан эса жамият манфаат топади. Кўряпсизми, спортнинг кундалик ҳаётимизда тутган ўрни қанчалик муҳим?!
Агар ёдингизда бўлса, ўтган йили 18-27 октябрь кунлари илк маротаба корхона-ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида “Бош вазир кубоги” мусобақалари ташкил этилганди. Ўшанда эркаклар футбол, хотин-қизлар эса волейбол бўйича ўзаро мусобақалашган эди. Илк бор ташкил этилган футбол мусобақаларида кўплаб жамоалар иштирок этиши мумкин эди. Бироқ мусобақа Олимпия тизимида ўтказилгани сабабли биринчи бўлиб буюртма берган 64 та жамоа билан чекланишга қарор қилдик.
Чунки яна жамоалар қўшиладиган бўлса, мусобақани ўтказишимизда муаммолар туғилиши, турнир чўзилиб кетиши ҳамда бу иштирокчи жамоалар учун ноқулайлик туғдириши мумкин эди. Шуларни инобатга олиб, 64 та жамоада тўхталдик. Айтиш керак, мусобақа кутганимиздан ортиқ ижобий самара берди. 10 кунлик мусобақа ўтиб бўлганидан кейин ҳам кўплаб иштирокчи жамоалар томонидан қиш мавсумида ҳам, дейлик футзал мусобақаларини ўтказиш, “Бош вазир кубоги” мусобақасини лига шаклида ташкил этиш бўйича таклифлар тушиб турди. Шундан билиш мумкинки, мусобақа вазирлик, идора, корхона ва ташкилотларнинг марказий бошқарув аппарати ходимлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим воситага айланди.
– Турнир пандемия шароитида қандай тартиб-қоидалар асосида ўтказилади?
– Тўғри, пандемия шароити – ҳали коронавирус билан боғлиқ муаммолар тўлиқ бартараф этилмаган бир вазиятда бу каби спорт тадбирлари ўтказилиши одамни бироз хавотирга солиши табиий ҳол. Аммо Республика махсус комиссиясининг карантин қоидаларини юмшатиш борасидаги қарорида спорт машғулотларига рухсат берилгани – пандемия шароитида инсонлар саломатлигини мустаҳкамлашда спортнинг ўрни нечоғлик муҳимлигини кўрсатиб берди. Шуни инобатга олсак, футбол мусобақалари ўтказилиши фойдадан холи бўлмайди. Албатта, “Бош вазир кубоги” мусобақалари санитария-эпидемиология талаблари асосида ўтказилади.
Аввало, ҳар бир жамоа томонидан мусобақада иштирок этиш учун тақдим этган буюртмага киритилган ҳар бир ходим, яъни футболчининг саломатлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши керак. Шундай маълумотнома тақдим этилмаган тақдирда, ўша иштирокчи табиийки, мусобақаларга қўйилмайди. Қолаверса, ўйинлар бўладиган майдонларга кираверишдан олдин ҳар бир иштирокчи ва жамоа аъзоси дезинфекцион йўлакчадан ўтади, шу ерда шифокор-ҳамширалар томонидан уларнинг тана ҳарорати текширилади, ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган иштирокчилар ўйинларга қўйилмайди.
Аксинча, ҳарорати юқори эканлиги аниқланган ҳар қандай иштирокчи дарҳол тез тиббий ёрдам машиналарида тиббиёт муассасаларига жўнатилади. Яна бир гап, бу йилги мусобақада ҳар бир иштирокчи учун махсус рухсатнома, яъни бейжиклар тайёрланмоқда. Бундай бейжиги йўқ ходим, агарки у ташкилотининг бошқарма ёки бўлим раҳбари, касаба уюшмаси раиси бўлса ҳам мусобақалар ўтадиган майдонга киритилмайди. Шу маънода, иштирокчи жамоаларга маслаҳат ва тавсиям, жамоага бевосита дахлдор ходимларни рўйхатга киритсин.
– Мусобақада ғолиблар қандай мезонлар асосида аниқланади?
– Мусобақа катта эҳтимол билан Олимпия тизимида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Юқорида айтиб ўтганимдек, ўтган йилги мусобақада 64 та жамоа қатнашган бўлса, бу сафар иштирокчи жамоалар сони янада ортиши кутилмоқда. Чунки айни пайтда бизга ҳудудларда жойлашган йирик корхона ва ташкилотлар, аниқ мисоллар келтирадиган бўлсам, масалан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ўхшаш мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган корхона-ташкилотлардан ҳам талабномалар келиб тушмоқда.
Ҳатто Бухоро, Фарғона вилоятларидан “Бош вазир кубоги”да қатнашиш истагини билдирган ташкилотлар бўлмоқда ва улар қарийб 10 кунга ходимларини Тошкентга сафарбар этишга тайёрлигини билдирган. Бу табиийки, мусобақага қизиқиш тобора ортиб бораётганини англатади. Энди ғолиблар масаласига келсак, агар мусобақамиз Олимпия тизимида ташкил этилса, ғолиб ҳар бири 30 дақиқадан иборат икки бўлим давомида аниқланади. Агар асосий вақтда кучлар тенг келса, у ҳолда тўғридан-тўғри пенальтилар сериясига мурожаат қилинади. Ҳеч қандай қўшимча бўлим, такрорий ўйин ёки “олтин гол” қоидаларига амал қилинмайди. Ўйинларни эса Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тажрибали, Суперлига ва Про-лига ўйинларида фаолият олиб бораётган ҳакамлар бошқариб боради.
– Ғолиб жамоаларга қандай мукофотлар берилади?
– Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусобақа иштирокчилари ўтган йилги каби бу йил ҳам бирор-бир соврин учун эмас, аввало, ўз саломатликларини янада яхшилаш ва ўзлари фаолият юритаётган ташкилотлари шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонда куч синашади.
Албатта, мусобақада ғолиб ва мағлублар бўлиши аниқ. "Бош вазир кубоги" футбол мусобақси ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан диплом, медаль, қимматбаҳо эсдалик совғалари ва албатта, кўчма кубок билан тақдирланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги