Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркия экспертлари имтиёзли савдо тўғрисида икки томонлама шартномани имзолаш шартлари юзасидан музокара ўтказди
2020-09-10 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисида битимни имзолаш шартлари бўйича музокараларнинг олтинчи давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган музокараларда божхона тўловларини амалга ошириш учун имтиёзлар бериш шартлари, шунингдек, маҳсулотларни ишлаб чиқарган мамлакатни аниқлаш тартиб-қоидалари кўриб чиқилди.
Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Савдо вазирлигининг экспертлари даражасида ўтказилди.
Тадбирда икки давлат иқтисодиёти ўзаро рақобатчи сифатида эмас, аксинча бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга экани қайд этилди.
Мулоқот давомида маҳсулотларнинг имтиёзли рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда икки давлат корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар ўзаро ҳурмат руҳида ҳамда томонлар миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, ишчанлик кайфиятида ўтди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги