Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижонда ҳайвонларни юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари жадаллик билан давом этмоқда
2020-09-10 | Соғлиқни сақлаш
Ҳудудларда эпизоотик осойишталикни таъминлаш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлари натижасида ҳайвонларнинг турли хил ўта хавфли юқумли касалликлари келиб чиқиши олди олинмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятида ташкил этилган 76 та эмлаш гуруҳларининг 244 нафар мутахассислари томонидан аҳоли хонадонлари ва чорвачилик фермер хўжаликларидаги ҳайвонлар куйдирги, қорасон ва чечак касалликларига қарши эмланмоқда.
Ветеринария мутахассислари ва санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари билан биргаликда куйдирги касаллиги бўйича тупроқ намуналари олиниб, лаборатория текширувлари ўтказилди ва ҳар бир тупроқ ўчоқларида дезинфекция ишлари амалга оширилди.
Худуддаги 761.8 минг бош қорамол, 757900 минг бош қўй, 4310 бош от ва эшак куйдирги касаллигига қарши эмланди.
Бруцеллёз касаллиги бўйича 222800 бош қорамол ва 46300 бош қўйдан қон намуналар олиниб, текширилди. Шундан 6 бош қорамолда касаллик аниқланди. Текшириш давомида олинган лаборатория хулосалари бўйича тегишли тартибда ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилди. Бруцеллёзга қарши 541278 бош майда шохли мол Рев-1 эмлама билан эмланди.
Қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича 153,8 минг бош эгали итлар рўйхатга олиниб, касалликка қарши эмланди.
157491 та хонадон эгалари билан касаллик тўғрисида суҳбатлар уюштирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Қутуриш касаллигига гумон қилинган 47 та патологик намуналар вилоят ташхис марказида текширилди ва касаллик қўзғатувчиси аниқланмади. Давлат ветеринария хизмати ва карантин тадбирларини ташкил этиш гуруҳи ҳамкорлигида маҳаллаларда ит сақлаш қоидалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Худудий ободонлаштириш хизматлари томонидан берилган маълумотлар бўйича вилоятда шу кунгача 7869 бош қаровсиз ит ва мушуклар йўқ қилинди.
Вилоятнинг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош худудларида буфер зона ташкил этилган бўлиб, ушбу худуддаги 270 минг бош чорва ҳайвонлари, 190700 қўй-эчки оқсил касаллигига қарши эмланди.
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигини олдини олиш бўйича худуддаги 1 млн 720 минг бош йирик шохли, 1 млн 737 минг бош майда шохли молга каналарга қарши ишлов берилди, ҳайвонлар сақланаётган 144965 та чорвачилик объектларида ҳашаротларга қарши дезинсекция тадбирлари ўтказилди.
Ҳайвонларни диагностик текшириш учун қон намуналари олиш, каналарга қарши ишлов бериш ва молхоналарни дезинфекция қилиш ишлари
Шунингдек, вилоят туманларида ҳайвонлар касалликларига қарши кураш бўйича кўргазмали ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси