Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Озарбайжон созандалари онлайн тарзда беллашади
2020-09-08 | Маданият
ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан 18 сентябрь – Халқаро мусиқа кунига бағишлаб, 10-18 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Озарбайжон торли мусиқа созандалари иштирокида онлайн танлов ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон давлат филармонияси манбасига асосланиб.
Танловда икки давлат консерваториялари созандалари ва Ўзбекистон давлат филармониясининг «Сўғдиёна» миллий чолғулари камер оркестри иштирок этади.
Мазкур маданий танловни ўтказишдан мақсад – миллий мусиқа санъатини тарғиб этиш, ёш созандаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг малакаси ва ижро маҳоратини ошириш, янги истеъдодларни кашф этишдан иборат.
Унда иштирокчилар тор-қашқар рубоби, кемонча-ғижжак ва уд созларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказадилар.
Созандаларнинг маҳоратини беш кишидан иборат Ўзбекистонлик ва Озарбайжонлик малакали ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги