Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Украинадаги йирик савдо холдинги Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истагида
2020-09-08 | Иқтисодиёт
КИЕВ, 8 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Украинадаги элчихонаси Ўзбекистон иқтисодиётига илғор хорижий технологиялар ва сармояларни жалб қилиш мақсадида «Эпицентр К» савдо марказлари миллий тармоғи бош директори Петр Михаилишин билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Эпицентр К» компанияси қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари, кимё маҳсулотлари чакана савдосига ихтисослашган Украинадаги етакчи холдинг ҳисобланади. Гуруҳ «Эпицентр» ва «Новая линия» брендлари остида 60 та савдо марказига эга.
Бундан ташқари, холдинг қишлоқ хўжалиги йўналишида катта тажрибага эга. Унинг Украина бўйлаб буғдой, мой олинадиган кольза ўсимлиги, кунгабоқар ва маккажўхори етиштиришга ихтисослашган йирик қишлоқ хўжалиги кластерлари бор.
Мулоқот давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида Украина билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуалари учун аралаш озуқа тайёрлаш соҳасида қўшма корхона ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Музокараларда Украина томони ўз улгуржи ва чакана тармоқлари орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини тасдиқлади.
Учрашув якунида мазкур соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун юқори салоҳият қайд этилиб, уларни имкон қадар тезроқ амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги