Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбегим отлари” от заводи отчопарида пойга мусобақалари ўтказилди
2020-09-07 | Спорт
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Ўзбегим отлари” от заводига қарашли отчопарда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги бағишлаб от пойгаси бўйича Тошкент вилояти ҳокими кубоги учун мусобақа ўтказилди.
Мусобақада Тошкент вилоятининг барча ҳудудларидан спортчилар ҳамда қўшни Туркманистондан Ўзбекистонга ташриф буюриб айни пайтда ҳамюртларимиз билан биргаликда ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этаётган туркманистонлик спортчилар ҳам иштирок этишди. Бу эса мусобақанинг янада қизиқарли ва муросасиз ўтишига туртки бўлди.
От пойгаси иштирокчи отларнинг ёши ва улар мусобақалашадиган пойга масофасига кўра 8 йўналишда ташкил этилди.
Эътиборлиси, мусобақанинг дастлабки йўналишларида “Ўзбегим отлари” от заводида тарбияланаётган 1 ярим ва 2 ёшли тоза қонли инглиз отлари илк бор мусобақада синовдан ўтказилди. Отларнинг дебюти халқаро тоифадаги спортчи чавандозлар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
“Гувоҳи бўлганингиздек, бугунги мусобақа чавандозлар ва отларнинг муросасиз беллашувлари остида кечди. Бу каби турнирлар орқали халқаро нуфузли мусобақалар учун етакчи чавандозлар ва чопқир отларни саралаб оламиз. Қолаверса, ички мусобақаларга ён қўшни давлатлардан чавандозларни таклиф этганмиз. Улар билан биргаликда ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда. Бу эса спортчиларимизнинг улкан тажриба тўплашларида ёрдам бермоқда. Умид қиламанки, буларнинг барчаси тез кунларда жаҳон отчопарларида ўзбек чавандозларининг номини ҳамма таниб олишлари учун хизмат қилади”, деб айтиб ўтди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раисининг ўринбосари – Бош котиби Камол Худойбердиев.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги