Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон кураш кунига бағишланган онлайн конференция ўтказилди
2020-09-06 | Спорт
ТОШКЕНТ, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбек миллий кураш куни нишонланмоқда. Пандемия шароитида бўлса-да, кураш ихлосмандларига байрамона кайфият улашиш, ушбу санани ўзига хос нишонлаш мақсадида Халқаро кураш ассоциацияси томонидан “ZOOM” платформасида онлайн конференция ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси манбасига асосланиб.
Унда ташкилот раҳбари Ҳайдар Фармон, қитъавий ва Миллий федерациялар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Ойбек Қосимов бошчилигидаги мутасаддилар қатнашди.
Тадбирда Ҳайдар Фармон бугунги сана билан барча кураш аҳлини қутлаб, келгусидаги режалар ҳақида гапириб ўтди.
“Бугун бизни бирлаштириб турган кураш спортининг 22 йиллигини нишонламоқдамиз. Кураш дунёда ўз ўрнини топиб бормоқда. Барчангизни бугунги Жаҳон кураш куни билан табриклайман. Қайд этиш даркор, жорий йил дунё учун ноанъанавий тарзда ўтмоқда. Коронавирус пандемияси сабаб кўплаб иқтисодий инқирозлар кузатилмоқда. Халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Токио Олимпия ўйинлари қолдирилди. Бу барчамиз учун синов. Бир ёқадан бош чиқариб бирлигимизни сақлаб, уни дунёга намойиш қилишимиз керак. Биз “E-Кurash” йўналишини йўлга қўймоқчимиз. Бунда спортчилар ўз техникаларини намойиш қилган ҳолда уни ижтимоий тармоқларга жойлаши мумкин. Вазият юмшагунга қадар шу каби онлайн тадбирларни ўтказишни таклиф қиламиз”, – деди Ҳ.Фармон.
Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби О.Қосимов ўз нутқида барча кураш оиласи аъзоларини байрам билан қутлади.
“Барчангизни бугунги сана билан қутлаш мен учун шараф. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев бошчилигида миллий спортимизни янада ривожлантириш учун муҳим чора-тадбирлар, дастурлар йўлга қўйилаётганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Бугунги мураккаб вазиятда ҳаммангизнинг оила-аъзоларингиз билан соғ-саломат бўлишингизни тилаб қоламан ”, деди Бош котиб.
Онлайн конференцияда кўплаб мамлакат вакиллари сўз олиб, ўз минтақаларида курашнинг тобора оммалашиб бораётгани ҳақида фикр билдирди.
Муҳокамаларда, шунингдек, халқаро мусобақаларни ўтказиш, бунинг учун зарур талабларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги