Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Польша ишбилармон доиралари билан Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2020-09-05 | Иқтисодиёт
ВАРШАВА, 5 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бабаев Вроцлав шаҳрида «PLON» компанияси раҳбари Гжегош Войсик билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«PLON» компанияси Польшанинг энг йирик «MAKRO» ва «Sel-Gros» улгуржи супермаркетлари, шунингдек, мамлакатдаги «Biedronka» ва «Lidl» чакана савдо тармоқларига йирик миқдорда мева-сабзавотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қуритилган мевалар етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, компания халқаро экспорт бозорларида маркетинг, маҳсулот сотиб олиш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланади.
Маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш учун омборлар ва бинолар билан танишувдан сўнг, мезбонларга Ўзбекистондан йил давомида Польшага сабзавотлар, янги ва қуритилган мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, зираворлар экспорт қилиш имконияти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Гжегош Войсик Ўзбекистондан импорт турларини кенгайтириш учун Польшадаги энг йирик савдо тармоқларида ўзбек маҳсулотлари бозорини очиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Польша томони юқори сифатли маҳсулотларни узлуксиз олиб киришга қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан Польшадаги ўзбек компаниялари дистрибьюторининг имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Яқин келажакда Польшага ўзбек қовунлари, узум, анор, хурмо ва пиёз маҳсулотларини етказиб бериш, кейинчалик қуритилган мевалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича экспорт шартномаларини имзолаш режалаштирилган.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистон-Польша савдо айланмаси барқарор ўсиб бормоқда. 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондан ушбу давлатга экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 131 фоизни ташкил этди. 2020 йилда Польша ўзбек маҳсулотларини импорт қилиш ҳажми бўйича Европада иккинчи ўринга чиқди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги