Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланди
2020-09-05 | Иқтисодиёт
Ўзбекистонда 2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида тизимли таркибий ислоҳотларни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Амалий ҳаракатлар режаси икки босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич – 2020 йил охиригача бўлган даврни ўз ичига олиб, тегишли чора-тадбирлар бажарилиши натижасида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш кўрсаткичи 102,2 фоиз (дастлабки прогноз 105,5 фоиз)ни ташкил этиши кутилмоқда.
Иккинчи босқич – 2021 йилда амалга оширилиб, 5 - 5,5 фоиз барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлайдиган, 2020-2021 йиллар давомида коронавирус пандемиясининг оқибатларини мослаштириш билан тизимли ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган чораларни ўз ичига олади.
Амалий ҳаракатлар режасига мувофиқ, 2020 йил охиригача банк секторида кўриладиган асосий чора-тадбирлар, жумладан, қуйидагилардан иборат:
- мажбурий захиралаш шартларини қайта кўриб чиқиш орқали тижорат банкларига 2,2 триллион сўм қўшимча ликвидлик бериш;
- коронавирус пандемиясидан зарар кўрган корхоналарни 2020 йил 2-ярмида 17 триллион сўм миқдорида айланма маблағлар билан таъминлаш.
Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги чора-тадбирлар доирасида 2020 йил якунига қадар, жумладан:
-“Ягона миллий меҳнат тизими” орқали 265,2 минг нафар ишсизлар бўш иш ўринларига жойлаштирилади;
-301 минг киши жамоат ишларига жалб қилинади;
-53,6 минг киши тадбиркорлик ва уй-жой майдонларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ҳамда тикувчилик кооперативларида аъзолик учун субсидиялар билан таъминланади;
-42,8 минг киши бепул тарзда касб-ҳунарга ўқитилади.
Қарор билан шунингдек, иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги