Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Солиқ ҳамкор”: жамоатчилик назоратининг янги тизими жорий этилди
2020-09-03 | Иқтисодиёт
Истеъмолчилар кундалик ҳаётда маҳсулот сотиб олаётганда ёки хизматлардан фойдаланишда кўпинча асоссиз нархлар оширилишига, чек берилмаслик ҳолатига дуч келади. Ҳатто шундай ҳолатлар содир бўладики, “уддабурон” тадбиркорлар терминал орқали савдо қилишдан бош тортади.
Кўпчилигимиз бу каби ҳуқуқбузарликларга дуч келамиз. Тан олиш керак, истеъмолчилар бундай ҳолатларга ҳар доим ҳам етарлича эътибор қаратмайди. Чунки масалага ёлғиз ижобий ечим топиш мушкул ва баъзан шунчаки имконсиз ҳам.
“Soliq hamkor” («Налоговый партнер») деб номланган мазкур ахборот тизими яширин иқтисодиётга қарши курашда фуқароларни Давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликка чорлайди.
“Soliq hamkor” тизими доирасида ҳамкорлик
“Soliq hamkor” тизими орқали ҳамкор солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахснинг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан Давлат солиқ хизмати органини хабардор этади. Асосий талаб: ҳамкор тақдим этган маълумот аниқ, тўлиқ ва ишончли бўлиши керак.
“Soliq hamkor” ахборот тизими бир неча йўналишда солиқ органлари билан масофадан туриб ҳамкорлик қилиш имкониятини тақдим этади.
Жумладан, “Soliq” мобил иловасига “Soliq hamkori” бўлими қўшилди. Илова солиққа оид ҳуқуқбузарлик хабарини қулай, тез ва осон юбориш имконини беради.
Ҳамкорликни @soliq_hamkor_bot телеграм боти ва Электрон солиқ хизматлари портали – https://my.soliq.uz орқали ҳам амалга ошириш мумкин.
Бунинг афзаллиги шундаки, мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ўз мурожаати ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Қандай ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш мумкин?
Кимдир давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, айримлар товарларни яширин ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт товарларни ташиш, сотишни “касб” қилган. Кўпинча чекларни тақдим этмаслик ёки тўлов терминаллари орқали савдо қилишни рад этиш билан боғлиқ савдо қоидаларига риоя этмаслик ҳоллари рўй беради.
“Soliq.hamkor” шу каби солиқ ҳуқуқбузарларига барҳам беришга йўналтирилган.
ДСҚ “Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ҳамкор томонидан юборилган мурожаатни рўйхатга олади ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ваколати доирасида солиқ назорати тадбирларини ўтказади.
Таъкидлаш лозимки, сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун “Soliq hamkor” тизими орқали келиб тушган аризалар асос бўлади.
Мазкур янги тизим, Давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширлаётган яширин иқтисодиётга қарши курашдаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси