Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрь Ислом Каримов хотираси куни сифатида, бу улуғ инсонни ёд этиш, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.
Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди.
Қуръон тиловат қилинди.
Биринчи Президентимизнинг давлатимиз мустақилликка эришиши ва тараққиёти йўлидаги хизматлари ёдга олинди.
Шундан сўнг вилоят жамоатчилиги вакиллари Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Тадбирларда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА