Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг йирик концернларидан бири «Mahindra Group» компаниялар гуруҳи бошқарув кенгаши аъзоси Манож Чуг билан видеомулоқот ўтказилди.
Онлайн учрашувда ҳинд концерни вакили Ўзбекистон иқтисодиётининг машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа кўплаб соҳалардаги улкан салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Манож Чугга кўра, «Mahindra Group» таркибига кирувчи тегишли компанияларнинг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, АКТ, муқобил энергия манбалари ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини ўрганиш бўйича аниқ режалари мавжуд.
Бу борада Манож Чуг концерн вакиллари маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда тегишли маркетологик тадқиқотлар ўтказиш ва яқин келажакда Ўзбекистонга келиб, имкониятларни жойида ўрганган ҳолда батафсил музокаралар ўтказишга тайёр эканини билдирди.
Қарийб 75 йиллик ривожланиш йўлини босиб ўтган «Mahindra Group» концерни бугунги кунда 10 дан ортиқ илғор саноат йўналишларини қамраб олган ва дунё бўйлаб 60 га яқин йирик ишлаб чиқариш корхоналарига эга.
Концерннинг автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, металлургия, муқобил энергия манбалари, ахборот коммуникация технологиялари, қурилиш, мудофаа, логистика каби йўналишларда фаолият кўрсатувчи корхоналарида 250 мингдан зиёд киши иш билан банд.
«Mahindra Group» таркибига кирувчи корхоналарда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналари ва автомобиллар нафақат Ҳиндистон, балки жаҳоннинг қатор ривожланган давлатлари бозорларида мустаҳкам ўринга эга.
Манба: ЎзА