Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-08-09 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Фарғона вилояти Сўх туманининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизациялаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш, саноат салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш ҳисобига туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида:
1. 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишлари этиб белгилансин:
замонавий рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва уларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, соҳада фойдаланилмаётган ва фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш, ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш, чорвачилик, шу жумладан, паррандачилик ва балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш;
йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга, аҳолининг уй-жой маиший шароитларини яхшилашга, соғломлаштириш ва маданий ҳордиқ чиқаришини ташкиллаштиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, туман марказини ободонлаштириш;
таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт соҳаси ва педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш, туманда олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, таълим ва тиббиёт хизматлари сифатини ошириш;
аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш.
3. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда Дастурнинг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари асосида 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастурини тасдиқласин.
4. 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мутасадди раҳбарлар иштирокида Дастур доирасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш;
Дастурга киритилган лойиҳаларнинг бажарилишини мунтазам равишда ҳар ойда бир марта Сўх туманида, ҳар чоракда бир марта республика даражасида муҳокама қилиб бориш ва муаммоли лойиҳалар ечими юзасидан зарур ва тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш;
Дастур доирасида белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, лойиҳаларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни бартараф этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўриш;
тумандаги камбағалликка оид реал аҳволни ўрганиш, камбағалликни қисқартириш ва бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш.
5. Фарғона вилоятининг Сўх туманида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида:
а) 2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилсин;
б) жорий йил 1 августдан бошлаб 2021 йил 31 июлга қадар:
якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилансин;
алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилинсин.
6. Тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит фоиз ставкасининг 10 фоизли пунктидан юқори бўлган қисмини, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдорини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилсин.
7. Молия вазирлиги тижорат банклари билан биргаликда Сўх тумани аҳолисига янги уй-жой қуришлари учун ипотека кредитлари ажратилишини таъминласин.
8. Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда тумандаги соғлиқни сақлаш муассасаларига юқори малакали мутахассисларни ишга жалб қилсин.
10. Белгилансинки:
Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз ўрнатилади;
Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига ойлик қўшимча устамалар, ижтимоий нафақалар ҳамда Сўх тумани маҳаллий бюджетининг солиқлардан берилган имтиёзлари ҳисобига вужудга келган йўқотишлари жорий йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
11. Ташқи ишлар вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан биргаликда Қирғизистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласини ҳал этсин.
Транспорт вазирлиги Қирғизистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласи тўлиқ ҳал этилгандан кейин бир ҳафта муддатда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновлар йўлга қўйилишини таъминласин.
Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этсин.
Молия вазирлиги Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
12. Фарғона вилояти ҳокимлиги:
Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратсин;
Фарғона вилояти ҳудудида марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига, шунингдек, саноат корхоналарида янги ташкил этилаётган иш ўринларига Сўх тумани аҳолисини кенг жалб қилсин;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Сўх туманининг иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилинишини таъминласин.
13. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси белгиланган тартибда Дастур доирасида қурилиш материаллари ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар ҳамда ер ости ичимлик суви манбалари бўйича тегишли хулосалар берилишини таъминласин.
14. Энергетика вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда аҳолини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш бўйича муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, Дастур доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари асосида ишлаб чиқариш корхоналарининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига ўз вақтида уланишини ҳамда уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, талаб этиладиган табиий газ ва электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
15. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги марказлашган манбалар ҳисобига Дастурнинг 2020 йилда амалга ошириладиган лойиҳаларини 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурининг 2020 йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида амалга оширсин ва кейинги йиллар учун белгиланган тадбирларнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда, келгуси йиллар Инвестиция дастурини шакллантиришда кўзда тутсин.
16. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига – мазкур қарорнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга масъул вазирлик ва идораларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига – ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан зарур маблағларни ўз вақтида ажратиш ва бошқа молиявий ресурсларни жалб қилиш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига –туманда инвестиция муҳитини яхшилаш, инвесторлар ҳамда инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига – туманда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик ҳамда қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев зиммасига – туманда ижтимоий соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, ижтимоий инфратузилма объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 8 август
Манба: ЎзА