Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2020-07-24 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 22 июль куни видеоконференц алоқа шаклида Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси вакиллари иштирокида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, учла томон учун бирдек манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон томонига Транспорт вазири Элёр Ғаниев, Афғонистон томонига мамлакат транспорт вазири Ямо Шамс, Эрон томонига эса мамлкатнинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломи раҳбарлик қилди.
Онлайн мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Ўзбекстон Республикаси Транспорт вазири Элёр Ғаниев бугун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабаб давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар жиддий равишда мураккаблашиб бораётганини, мазкур вазиятда мамлкатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада фаоллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшма қарорлар қабул қилиш зарурлигини даврнинг ўзи тақазо этаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бошқа давлатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми пасайиши кузатилаётган бир даврда Афғонистон йўналишида юк ташувлар ҳажми умумий динамикаси барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Жумладан жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида темир йўл транспорти орқали Афғонистондан ва Афғонистонга юк ташувлари ҳажми 2,5 млн.тоннани ташкил этди. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 50,6 % ўсишга эришилганини англатади. Айнан шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамият Афғонистон ҳудудида амалга оширилаётган транспорт коридорларини ривожлантириш билан боғлиқ инфратузилма лойиҳаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда учрашувда трансафғон темир йўлининг қурилиш масаласи ҳамда “Шимол-Жануб” транспорт коридори доирасида Эроннинг «Чохбохор» порти имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда томонларнинг транзит потенциалини янада ривожлантиришда мавжуд қатор муаммолар хусусан, тариф масалалари, юк ташувлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган TIR тизимидан тўлиқ фойдаланиш, истиқболда электрон TIR тизимини жорий этиш ва давлатлар чегараларидаги божхона инфратузилмаларини яхшилаш каби масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар мавжуд муаммоларни ҳал этиш, давлатлар ўртасида юк ташиш ва транзит қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш масалаларини тартибга солувчи янгиланган халқаро ҳужжатни имзолаш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтишди. Шу муносабат билан Эроннинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломи ҳамкорликдаги лойиҳаларни давом эттириш мақсадида давлатлар ўртасида махсус ишчи гуруҳини ташкил этиш ва транспорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи янги битм имзолашни таклиф қилди. Томонлар янги ҳужжатни шакллантириш учун уч томонлама экспертлар кенгашини ташкил этишга келишиб олишди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналишида илк автокарвонни ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу автокарвоннинг ташкил этилиши йўналиш бўйлаб юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича тасаввурга эга бўлишга ва уларнинг ечими юзасидан аниқ чораларни кўришга имконият яратади. Мазкур таклиф Афғонистон ва Эрон томонидан ҳам маъқулланди. Эрон томони айнан мазкур йўналишда мультемодал транспорт коридорини ташкил этиш давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишга катта туртки беришини алоҳида қайд этиб ўтди. Муҳаммад Исломи шунингдек, 2021 йилда Эрон томони Чохбохор портидан мамлакатнинг Захедон шаҳригача темир йўл қуриб битказилиши ва ишга туширилишини бу эса ўз навбатида давлатлар ўртасида юк ташувлар ҳажмининг ортишига ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.
Афғонистон транспорт вазири Ямо Шамс давлатлар ўртасидаги транспорт ва транзит алоқаларини ривожлантиришга ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирди. Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналишида илк мультемодал автокарвонни ташкил этиш ва бу жараёнда хавфсизлик масалалари Афғонистон ҳукумати томонидан тўлиқ таъминланишини таъкидлаб ўтди.
Учрашув сўнгида томонлар коронавирус пандемияси туфайли бугун вужудга келаётган қийин ва мураккаб вазиятга қарамасдан уч томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини, айнан давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд эканлигини қайд этишди. Учрашув кўтаринки руҳда якунланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги