Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби ахбороти
2020-07-02 | Жамият
Мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик мусассасалари берган маълумотга кўра, Россия-Қозоғистон чегараси “Маштаково” ва “Сагарчин” назорат-ўтказиш пунктлари яқинида Ўзбекистон фуқаролари тўплангани кузатилмоқда.
Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни Республика махсус комиссиясига киритди.
1 июндан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 25 та чартер рейслари ташкиллаштирилди ҳамда ҳафта охиригача Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Москва, Ростов-Дон шаҳарларига навбатдаги рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.
Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишларини сўраймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги