Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2020-07-02 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Фаолият кўрсатмаётган, фойдаланилмасдан турган нотурар объектлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда уларни ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик):

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхоналари негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларини (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) ташкил этиш;

Агентлик тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари – Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази директори (кейинги ўринларда – Марказ директори) лавозимини киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини (кейинги ўринларда – бўш турган объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;

бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш;

ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;

ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;

давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;

давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини олиб қўйиш;

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.

Марказ давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида барча давлат органларидан, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур бўлган ахборот ва материалларни сўраб олишга ҳақли.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг марказий аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар:

Марказнинг бошқарув ходимлари чекланган сони 309 нафар, шу жумладан, марказий аппарат бошқарув ходимлари сони – 22 нафар этиб;

Агентликнинг Бўш турган давлат объектларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бошқармаси тугатилиб, унинг 8 та штат бирлиги Марказга ўтказилиши;

Марказнинг марказий аппарати моддий-техник таъминоти ва 9 нафар бошқарув ходимлари штат бирлигини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштирилиши;

ҳудудий бошқармаларнинг 287 нафар бошқарув ходими штат бирлигини, шунингдек, марказий аппаратнинг 13 нафар бошқарув ходими штат бирлигини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилансин.

Белгилансинки, Марказ ва ҳудудий бошқармалар ходимларига, тўлов манбаларидан қатъи назар, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида ва бошқа ҳужжатларда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

Марказ директорига Агентлик директори билан келишилган ҳолда Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларга бошқарув ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Қуйидагилар Марказ ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини (ходимларнинг иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа тўловлар) молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

давлат мулки объектлари ижарасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тушадиган маблағлар;

Агентликнинг ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилансинки:

Марказ Агентликнинг тугатилаётган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхоналарининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, шартномавий муносабатлар бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

бўш турган объектлар тўғрисидаги маълумотлар Марказ томонидан автоматлаштирилган тизим орқали тегишли давлат органларидан олинади;

Марказ ва ҳудудий бошқармалар ходимлари ўз ваколатлари доирасида бўш турган объектларга тўсқинликсиз киради ва кўздан кечиради. Бунда, хусусий мулк объектларига кириш ва уларни кўздан кечириш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади;

Марказ ва ҳудудий бошқармаларга тегишли давлат мулки объектларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Марказ ҳисобидан, пул маблағлари мавжуд бўлмаганда Агентлик ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

Марказ бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳар йили 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради;

бўш турган объектлар тўғрисида маълумотлар (объект тўғрисидаги қисқа маълумот, геолокация жойлашуви ва бошқалар) Марказнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва ҳар ойда янгилаб борилади;

белгиланган тартибда тузилган фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳудудий бошқармаларга ҳафталик ахборот киритиб боради;

ҳудудий бошқармалар ходимлари туман (шаҳар)ларнинг ҳар бир маҳалласига бириктирилади ҳамда ваколати доирасида маҳалла ҳудудида жойлашган бўш турган объектларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этади;

бўш турган давлат мулки объектлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритилган объектлар бундан мустасно, сақлаш ва улардан келгусида самарали фойдаланиш (хусусийлаштириш, ижарага бериш ва бошқа) мақсадида Марказ ва ҳудудий бошқармаларга топширилади;

бўш турган объектлар рўйхати Марказ томонидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритиб борилади;

Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

6. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади;

б) “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

“мобиль идентификация қилиш” билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиш;

давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;

савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси доимий равишда бўш турган объектларни аниқлаб, уларни Марказ ва ҳудудий бошқармаларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиб бориш чораларини кўрсин.

8. Агентлик бир ой муддатда:

а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда:

Марказ ва ҳудудий бошқармаларни замонавий техника билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Марказ ва ҳудудий бошқармалар зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан судларга киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси негизида давлат муассасаси шаклидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бинолардан фойдаланиш дирекциясини ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида Марказнинг харажатлари учун 2020 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ва 2021 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил учун тасдиқланган харажатлар параметрларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Марказга хизмат автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун зарур маблағларнинг ажратилишини таъминласин ва 3 та, шу жумладан, 2 та шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказ мурожаатига асосан уни ўрнатилган тартибда ҳукумат алоқаси билан таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

12. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 1 июль

Манба: ЎзА

Поделиться