Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ делегацияси билан учрашув
2020-06-30 | Сиёсат
2020 йилнинг 30 июнь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди.
Томонлар яқин сиёсий муносабатлар ўрнатилганини, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистон томони Афғонистонда тез орада тинчлик ўрнатилишига алоҳида аҳамият бериши, бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ушбу мамлакатдаги хавфсизликка боғлиқлиги таъкидланди.
Суҳбатдошлар Афғонистон сиёсий раҳбарлари ўртасидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватладилар ҳамда инклюзив ҳукумат тузилиши ва Миллий ярашув бўйича Олий Кенгаш Афғонистоннинг ёрқин келажаги учун мамлакатнинг барча сиёсий кучларини бирлаштиришга ёрдам бериши зарурлигини таъкидладилар.
Учрашувда икки мамлакатнинг Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда таъкидланганидек, 27 май куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик шаклидаги биринчи учрашув Афғонистонни тиклаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқишда ушбу механизмнинг муҳимлигини тасдиқлади.
АҚШ томони Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишда минтақавий ёндашувни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.
Музокаралар чоғида Афғонистон ва минтақамиз ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмак берадиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Адам Болер Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга DFC тайёрлигини билдирди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги