Сурхондарё вилояти Ангор тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Дунёга чанг солган пандемия туфайли мамлакатимизда жорий қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари иштирок этди.
Мазкур иншоот давлат хизматлари маркази учун вилоятда барпо этилган тўққизинчи бино саналади. Икки қаватли муҳташам иншоотда фуқаролар учун барча замонавий қулайликлар яратилган. Мижозлар учун кутиш жойлари ва уларга 130 дан ортиқ тезкор хизмат кўрсатиш ойналари барпо этилган. Кутубхона ва болалар хонаси мавжуд. Инфо-киоск ва электрон навбат олиш терминали ўрнатилган.
Фуқароларнинг оғирини енгил қилиш ва уларга барча соҳаларда очиқ хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги бинода Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар қабулхонаси, туман ФХДЁ бўлими ҳам жойлашган.
Жорий йилнинг ўтган даврида Ангор тумани давлат хизматлари маркази томонидан 10 минг 784 та давлат хизматлари кўрсатилди. Замонавий бинонинг ишга туширилгани ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга белгиланган хизматлар кўрсатиш сифатини янада оширади.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА