Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сердаромад ва ижтимоий аҳамиятли тармоқ истиқболлари белгиланди
2020-06-26 | Сиёсат
Шавкат Мирзиёев Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини етиштириш корхонаси - “DB Group Eco” фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда узоқ йиллар давомида мазкур тармоқни тизимли ва илмий ёндашувларга асосланган ҳолда ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмади. Бу балиқчиликнинг имкониятларини чеклади, хўжаликларда ҳосил етиштириш қуввати камайишига сабаб бўлди. Ҳозирда балиқ етиштириш нафақат сердаромад соҳа, балки унинг ижтимоий аҳамияти катта эканлиги инобатга олиниб, бу билан шуғулланаётган қатор тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан субсидия ва имтиёзлар жорий этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли таомномасини балиқ маҳсулотлари билан бойитиш, соҳага инновацияларни жорий этиш, тоғолди ҳудудларда интенсив усулда балиқ етиштириб, экспорт ҳажмини ошириш масалаларига кўп марта тўхталган. 2017 йилда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Республикада жами 4000 га яқин балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Йилига 190 минг тонна ушбу инсон организми учун фойдали маҳсулот етиштириляпти.
Мамлакатимиз ҳудудларида интенсив усулда балиқ парваришлаш корхоналари сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда Наманган вилоятида балиқ етиштириш 6 минг 932 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсаткич 20 минг тоннага етиши кутилмоқда.
2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу вилоятга ташрифи давомида лойиҳа сифатида тақдимот қилинган “DB Group Eco” корхонаси 2019 йилда ўз фаолиятини бошлади. Амалга оширилган лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса лойиҳа ташаббускори маблағидир.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна балиқ маҳсулотини ташкил қилади. Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда балиқнинг ноёб турлари, форель ва лосось балиқларини интенсив усулда етиштириш йўлга қўйилган. Балиқ увилдириқлари ва озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.
Асосан чучук ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсининг ўзидан қуйилади ва сув айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Бунда ортиқча сув ва энергия ресурси сарфланмайди.
Балиқ увилдириқдан то товар ҳолатига етгунига қадар 1-1,5 йил вақт давомида парваришланади. Корхона тасарруфидаги 5 гектар жойда увилдириқ ва чавоқлар етиштириш учун ёпиқ сув ҳавзалари ҳамда 66 та очиқ ҳовузлар барпо этилган. 100 та иш ўрни яратилган. Корхона тўлиқ ишга тушгач, 2000 тонна балиқ чавоғи етиштириш имконига эга бўлади. Айни вақтда форель музлатилган ҳолда, шунингдек, совуқ ва иссиқ дудланган, филе ва кам тузланган ҳолатда ички бозорга чиқарилмоқда.
- Аҳоли учун бундай ноёб балиқ турлари ҳамёнбоп бўлиши керак. Бунинг учун эса балиқнинг озуқа-емини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш зарур. Таннарх тушсагина бозори чаққон бўлади, одамлар дастурхонига балиқ етиб боради, тадбиркор учун ҳам фойда икки ҳиссага ортади, - деди давлатимиз раҳбари.
Мутахассислар форелни хонбалиқ деб аташади, у фосфор, омега-3 ва омега-6 каби ёғ кислоталарига бой. Унинг истеъмоли инсонда қон-томир ва асаб касалликлари, хотира сусайиши каби хасталикларнинг олдини олади. Шу сабабдан форель маҳсулотларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта. Корхона йил сўнггига қадар Сингапур ва Россияга 300 тонна балиқ экспорт қилишни режалаштирган.
Президентимиз бундай корхоналарнинг қурилиш лойиҳаларида балиқ етиштиришнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Вилоятнинг Учқўрғон, Мингбулоқ, Уйчи, Поп ва Норин туманларида 299 миллиард сўм қийматга эга 75 та янги лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари, хусусан, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, эчкичиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Масалан, вилоятда 2020 йилда чорвачилик тармоғи бўйича 84 та янги лойиҳа амалга оширилади, гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади. Поп тумани азалдан жун йўналишидаги эчкичилик билан шуғулланишга ихтисослашган.
Давлатимиз раҳбари йўқолиб кетган шу тажрибани қайта тиклаш, жун етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил қилиш, Поп ва Чуст туманларидаги 1,500 минг хонадонга 20 мингта қўй ва эчкини шартнома асосида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берди.
Паррандачилик йўналишида эса 39 та лойиҳа амалга оширилади, 440 та иш ўрни яратилади. Тижорат банки томонидан асаларичилик йўналиши бўйича ҳам 46 та лойиҳа молиялаштирилади.
Давлатимиз раҳбари асаларичиликни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 10 минг тонна экспортбоп асал тайёрлаш, қадоқлаш ва сотишга ихтисослашган комплексни ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти