Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари A.Оверчук билан музокаралар бўлиб ўтди
2020-06-18 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков ва Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари А.Оверчук ҳамраислигида кенгайтирилган Ўзбекистон - Россия ҳукуматлараро музокаралари бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Энг юқори ва ҳукумат даражасида мунтазам амалга оширилаётган мулоқот туфайли мамлакатлар ўртасидаги стратегик муносабатлар шерикчиликнинг барча соҳаларида сезиларли ютуқларга эришиш имконини берган тизимли характерга эга бўлганлиги алоҳида таъкидланди.
Саноат кооперацияси соҳасида эришилган муваффақият – агросаноат мажмуаси, енгил саноат, электротехника, энергетика, автомобил, нефть ва газ, ёғочни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигида бир қатор янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича қўшма “Йўл харитаси” келишилгани қайд этилди. Икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида бевосита алоқани таъминлаб берувчи музокаралар шакли истиқболли ҳамкорлик йўналишларининг ҳар бири бўйича бир қатор долзарб масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш имконини берди.
Хусусан, мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда, икки мамлакат ҳудудида кунгабоқар ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг тўлиқ циклини қамраб олувчи агросаноат кластерларини яратиш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Бундан ташқари, ип-калава, газлама материаллари ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ёғочни қайта ишлаш, электротехника маҳсулотлари ва енгил автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар тузиш бўйича қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.
Келишилган лойиҳалар ва ташаббусларни жорий қилишни тезлаштириш ва ҳар ойда уларнинг амалга ошириш жараёнини ўрганиб бориш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларини инвестицион шерикликни кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятлар ва икки томонлама савдо ҳажмини ошириш механизмлари ҳақида хабардор қилиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, логистика соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди: икки мамлакат ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва ташиш учун қўшма юк-экспедиторлик компаниялари, логистика ва улгуржи тақсимлаш марказларини яратиш истиқболлари муҳокама этилди. Томонларнинг умумий фикрига кўра, бундай марказларнинг яратилиши, транспорт харажатларини сезиларли даражада камайтиради, сифатни сақлаб қолган ҳолда ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчига товарларни тезда етказиб беришни таъминлайди, бу эса Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажмининг сезиларли ошишига олиб келади.
Музокаралар якунида томонлар инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича истиқболли ўсиш нуқталарини ҳар томонлама ўрганиш ишларини давом эттириш ҳамда эришилган келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини биргаликда таъминлаш бўйича ўзаро қатъий ниятларини таъкидладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги