Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши жамоатчилик мониторинги натижалари муҳокамасига бағишланган онлайн давра суҳбати ўтказилди.
17 июнь – Бутунжаҳон қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш кунига бағишланган тадбирда “Logos” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Экологик партияси ва Ўзбекистон экологик ҳаракати, қатор экологик жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор татбиқ этилаётган “Оролбўйи бўйича Йўл харитасининг амалга оширилишини жамоатчилик мониторинги” грант лойиҳаси доирасида “Yuksalish” умуммиллий ҳаракати, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш Ассоциацияси (АРГО) ва USAIDнинг бевосита кўмагида амалга оширилиши режалаштирилган ишларга қаратилди.
Қайд этилганидек, 1994 йил 17 июнь куни БМТ томонидан “Чўлланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган. Уни ратификация қилган давлатлар ўртасида халқаро ҳамкорликни ўрнатиш, аҳолининг мазкур муаммо юзасидан хабардорлигини ошириш, шунингдек, қурғоқчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли Траст фондининг лойиҳалари Орол фожиаси оқибатларининг олдини олиш, минтақа аҳолиси саломатлиги ва атроф-муҳитга чўлланишнинг салбий таъсирини камайтиришга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Мутахассислар томонидан тайёрланган "Йўл харитаси"даги айрим тадбирларнинг белгиланган муддатларда бажарилмагани, фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги айтилди. Жумладан, маҳаллий ташкилотлар имкониятлари жалб қилинмагани танқид қилинди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор муҳим ҳукумат ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назорати имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаган. Шунингдек, бундай тадбирларни амалга оширишга фуқаролик жамияти институтлари жуда ҳам кам жалб қилинган.
– Ҳозирга қадар мазкур фондга мамлакатимиздан ташқари, Норвегия, Финляндия каби давлатлардан 26 миллион доллар миқдорда маблағ жалб қилинган, – дейди “Logos” нодавлат нотижорат ташкилоти кенгаши раиси Саидрасул Сангинов. – Эндиликда ушбу молиявий ёрдамлардан унумли фойдаланишимиз зарур. Айниқса, бу ишларда кенг жамоатчилик ва ёшлар фаоллигини ошириш зарур. Бунда вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ҳам масъулият билан ёндашса, саъй-ҳаракатлар тўлақонли бажарилса, Оролбўйида табиий аҳвол яхшиланишига олиб келади.
Давра суҳбати иштирокчилари ҳудудда юзага келган экологик муаммолар, жумладан, янги “Оролқум” саҳросининг пайдо бўлиши, экотизимлар деградациясининг давом этиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, янгича ёндашув ва инновацион технологияларни талаб этишини айтиб ўтди. Муҳокамалар бўйича якуний ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ва зарур вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳолати бўйича келишиб олинди.
Манба: ЎзА