Фарғона вилояти пиллакорлари 1 минг 969 тоннадан зиёд “кумуш тола” тайёрлаш шартнома режасини бажарди.
Фарғона пиллачилик мактаби анъаналарини тиклаш, янги мезонлар асосида ривожлантириш борасидаги ишлар самарасини бера бошлади. Бу йил асосан серҳосил, иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан 35 минг 455 қути ипак қурти парваришланиб, ўртача ҳосилдорлик 56 килограммга етказилди. Етиштирилган хом ашёнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди. Эътиборли жиҳати, пилла етиштириш билан боғлиқ кўрсаткичлар 2017 йилга таққосланганда, ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилда 1127 тоннага ошди. Бу Фарғона пиллачилик мактабини янги тараққиёт босқичига олиб чиқди. Натижада қайта ишлаш корхоналари учун керакли бўлган хом ашё базаси мустаҳкамланди, қўшимча иш ўринлари очиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти туғилди. Эндиликда нафақат хом ашё, балки тайёр маҳсулот турлари экспорти йўлга қўйилди.
Пиллачилик кластерларининг ташкил этилганлиги соҳа ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Чунки чилги ҳосилининг мўл ва сифатли бўлишидан аввало кластер манфаатдор. Айни кунда бу йўналишда иш олиб бораётган “Нурли тонг силк”, ”Водил ип йигирув”, ”Силк ВАЦ”, ”Водий маржони”, ”Ёдгорлик” маъсулияти чекланган жамияти , “Шарқ ипак дурдоналари”, “Тошлоқ силк”, “Бешариқ ипаги” кластерлари пилла етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи тўлиқ қамраб олди.
Риштон тумани пиллакорлари “Тошлоқ силк” пиллачилик кластери билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйди. Кластер маҳсулот етиштириш, харид қилиш, қайта ишлаш билан боғлиқ жараёнда бевосита иштирок этмоқда. Эндиги мақсад тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш.
–Шу мақсадда замонавий ипак гилам тўқиш ускуналари олиб келиб ўрнатяпмиз. Бу бир вақтнинг ўзида юз нафар хотин–қизлар бандлигини таъминлайди, – дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳрорбек Фозилов. – Айни кунда ўнлаб ёшлар бу йўналишда ишлаётган турдош корхоналарда малака оширмоқда. Келгусида эса бу ерда яна 300 та иш ўринлари яратилади.
Ўтган йили пиллачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган қайта ишлаш корхоналарининг вилоят экспорт салоҳиятига қўшган улуши 6 миллион 970 минг АҚШ доллардан ошди. Бу йил вилоятда етиштирилган пилладан тайёрланган маҳсулотларнинг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.
Манба: ЎзА