Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Вилоят ҳокими: Сувчи ва механизаторлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш зарур...

2020-06-06 | Жамият

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманида аҳолининг бугунги турмуш тарзи, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, аҳоли вакиллари, тадбиркор ва фермерлар билан мулоқотда бўлди.

Ғалла ўримига киришилди
 
Учқўрғон туманида бу йил 6 минг 890 гектар майдонга буғдой етиштирилди. Фермер хўжаликларининг кеч куздан бошлаб ғалла парваришига қаратилган меҳнатлари натижасида ҳосил чўғи баланд бўлди. Айни пайтда туманнинг мамлакатимиз хирмонига қўшадиган ҳиссаси –28 минг 315 тонна шартномавий режани ортиғи билан бажариш, ҳосилдорликни 70 центнергача етказиш имкониятлари яққол кўзга ташланиб турибди. Жумладан, 3 минг 400 тонна уруғлик дон тайёрланади.
 
Вилоят раҳбари «Ғуломжон» ва «Шодлик» фермер хўжаликлари мисолида ғалла ҳосилини қисқа муддатларда, сифатли йиғиштириб олиш борасида кўрилган чора-тадбирлар, шакллантирилган ўрим отрядлари, техника воситаларининг тайёргарлигини кўздан кечирди.
 
«Олтин водий» муқобил машина-трактор паркида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, фермерлар иштирокида мулоқотда Учқўрғон туманида ғалла ўрим-йиғимига нуронийлардан оқ фотиҳа олиниб, ҳосилга барака тиланди ва комбайнлар ғаллазор томон йўл олди.
 
Аҳолини камбағалликдан чиқариш – устувор вазифа
 
Тумандаги Яшиқ маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича 2-секторда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
 
Ушбу секторда хизмат кўрсатиш, саноат, қишлоқ хўжалиги йўналишларида умумий қиймати 41,5 миллиард сўмлик 31 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
 
Яшиқ маҳалласида 4 қаватли 32 хонадонли турар-жой биноси, 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла гузари ва маиший хизмат шохобчалари, спорт-соғломлаштириш мажмуаси қурилиши ҳудудда турмуш маданияти, ижтимоий-маиший шароитларни яхшилаш баробарида, мазкур бунёдкорлик ишларида ҳам бу ерларда яратилган иш ўринларида маҳалланинг ўнлаб ишсиз, эҳтиёжманд оилалари иш билан таъминланади.
 
– Ушбу лойиҳалар туфайли 465 та янги иш ўрни яратилар экан, – деди вилоят ҳокими. – Бу шунча оилага даромад кирди, улар муқим иш жойига эга бўлди дегани. Қолаверса, мазкур лойиҳалар амалга ошганидан сўнг мазкур маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгаради.
 
Мулоқот чоғида яна бир неча тадбиркор иш ўринлари яратиш борасида ўз бизнес режаларини тақдим қилди.
 
 
–Ўлжатўпи маҳалласида кўп тармоқли замонавий клиника қуриш лойиҳаси устида ишлаяпмиз, – дейди «Ҳуррият Сардор Севинчой» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳ. Ортиқова. – Умумий қиймати 18 миллиард сўм бўлган бу лойиҳага ўз сармоямдан 3 миллиард сўм ажратишга тайёрман, қолганига банк кредитидан фойдаланишимиз мумкин.
 
Кичик иссиқхоналардан 50 миллион сўмгача даромад олиш мумкин
 
Бу Деҳқонобод маҳалласида барпо этилаётган кичик иссиқхоналар бўйича дастлабки ҳисоб-китоблардан кўриниб турибди. 11 гектар майдонда «Фаровон томорқа хизмати» ва «Агроинтенсив томорқа» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан киришилган 130 дан зиёд олти ва тўрт сотихли кичик иссиқхона қурилиши жадал давом этмоқда. Уларда помидор, бодринг, қулупнай ва бошқа мева-сабзавотлар етиштириш режалаштирилган.
 
Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилаётган 700 оиланинг йигирмадан кўпроғи кам таъминланганлар тоифасига киритилган. Барпо этилаётган иссиқхоналардан мазкур оилаларга ҳам икки сотихдан ажратиб бериш уларнинг бандлиги ва даромад манбаи билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
 
Учкўприк замонавий маҳаллага айланади
 
Туманнинг 3-сектори ҳудудида умумий қиймати 67 миллиард сўмлик 88 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг аксарияти бўйича амалий ишлар бошланган.
 
Жумладан, Учкўприк маҳалласида тадбиркор Ш. Нуриддинов томонидан маҳалла гузари, тикувчилик корхонаси, мини-стадион, спорт заллари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган 4,5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.
 
Бўстон маҳалласида эса тадбиркор Ш. Алиматова 1,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа асосида тикувчилик цехи, дорихона ва фитнес-клуб қуриш, тадбиркор Қ. Аҳмедов шу маҳаллада лойиҳа қиймати 500 миллион сўмлик оталар чойхонаси ва ҳаммом барпо этиш ҳаракатида. Келгусида улар қаторига болалар боғчаси қўшилиши ҳам режалаштирилган.
  
Замонавий технологиялар – юқори ҳосилдорлик омили
 
Учқўрғон туманида жорий йилда 9 минг 436 гектар майдонда парваришланаётган ғўзадан 42 минг 403 тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган. Айни пайтда фермер хўжаликларида ғўза парваришидаги агротехник тадбирлар, зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ва ўғитлаш ишлари қизғин паллага кирган. Бу борада фермер хўжаликларида илғор технологияларни татбиқ этишга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор.
 
Жумладан, «Саховат замини» фермер хўжалигида 55 гектар майдондан 10 гектарига чигит хитой технологияси асосида, яъни 90 сантиметрга қўшқатор қилиб экилган. Ҳозирда мазкур майдонда униб чиққан ғўза ниҳоллари ушбу технологиянинг афзалликларини намоён этиб баравж ривожланмоқда.
 
–Пахтадан камида 40 центнердан ҳосил олинмаса сарфланган харажатларни қопламайди. Бунга эришиш учун эса замонавий технологиялардан фойдаланиш зарур. Қолаверса, фермерлар томонидан сувчи ва механизаторлар меҳнатини муносиб рағбатлантириб бориш ҳосилдорликда муҳим аҳамият касб этади, – деди вилоят ҳокими «Гулхумор» ва «Саховат замини» фермер хўжаликларида ўтказган мулоқотда.
 
Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ(сурат)

Манба: ЎзА

Поделиться