Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди
2020-06-06 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғона шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда бу борада Фарғонада ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошлангани, вилоятдаги 43 мингдан зиёд оилани йил якунига қадар камбағалликдан чиқариш мақсад қилингани қайд этилди.
Хусусан, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш орқали қарийб 14 минг оиланинг оёққа туришига кўмаклашилади. Бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит ресурслари ҳажмини 25 фоизга ошириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 400 миллиард сўм кредит ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва эркин иқтисодий зоналар орқали 6 мингдан, қишлоқ хўжалиги соҳасида 17 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.
Масалан, ғалладан қисқарган 4 минг гектар, оборотдан чиққан 3,5 минг гектар ерда боғ ва токзорлар ташкил этилади. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида Доривор ўсимликлар илмий маркази ташкил этилиб, 10 минг гектарда шу турдаги ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилади.
Ирригация тизимидаги йўқотишларни камайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш, бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарор ҳам Фарғона вилояти учун катта аҳамиятга эга.
Йиғилишда уй-жойлар қуриш, ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Фарғона тажрибаси асосида «лойиҳалар фабрикаси»ни кенг ривожлантириш, IT марказларда ўқув курслари ташкил этиб, йилига 262 мингдан зиёд ёшлар ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари, ҳокимлар ҳисоботи эшитилди.
Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган Тошлоқ тумани ҳокими ва солиқ бошқармаси бошлиғини вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти